Бухорода ўтказилаётган “Қидирув” махсус тезкор профилактик тадбирлари ўз самарасини бермоқда
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг Фармойишига асосан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида кенг қамровли “Қидирув” махсус тезкор-профилактик тадбирлари амалга оширилмоқда. Бунда ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари, ҳудудий ички ишлар бошқарма, бўлим ва бўлинмалари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда жиноят содир этиб, жавобгарликдан қутулиш мақсадида суриштирув, дастлабки тергов ҳамда суд идораларидан яшириниб юрган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларни қидириб топиш, уларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 9 декабрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматларининг ҳамкорликдаги ана шундай тадбирларида 2 нафар қидирувда юрган шахслар қўлга олинди.
Жумладан: Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилиб, тергов органларидан яшириниб юрганлиги учун, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 18 июль кунидан буён қидирув эълон қилинган, Бухоро тумани Маданият маҳалласида рўйхатда турувчи, 1972 йилда туғилган З.С. Ромитан туманининг чекка ҳудудларида яшириниб юрган манзили аниқланиб ушланди ва Ички ишлар бошқармаси Пробация ва Жазони ижро этиш бўлимига қарашли 4-сонли Тергов Ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Худди шу куни Қоровулбозор туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (ўғирлик) 3-қисмида қўрсатилган жиноятни содир қилганлиги учун, Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор тумани суди томонидан 2020 йил 7 декабрда қидирув эълон қилинган, Когон шаҳар Жондор кўчасида рўйхатда турувчи, 1978 йилда туғилган С.К. Қоровулбозор туманининг чўл ҳудудларида яшириниб юрган жойи аниқланиб қўлга олинди ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.