Бухорода ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда “ҚИДИРУВДА” бўлган шахс ушланди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамотчилик билан ҳамкорликда жиноят содир этиб суриштирув, тергов ва суд идораларидан қочиб юрган шахсларнинг яшириниб юрган жойларини аниқлаш, уларни топиб одил судловга топшириш, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида бир қатор тезкор ва профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ана шундай тезкор тадбирлардан бири жорий йилнинг 6 ноябрь куни Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси Патрул пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Патрул пост хизмати батальони ходимлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Ўтказилган тезкор тадбирда, Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ўғирлик жиноятини содир қилиб, жавобгарликдан қутулиш мақсадида суд идораларидан яшириниб юрганлиги учун Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан 2020 йил 21 сентябрь кунидан эътиборан қидирув эълон қилинган, Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида яшовчи, 1977 йилда туғилган фуқаро Э.В. нинг Жондор туманидаги чекка ҳудудлардан бирида яшириниб юрганлиги аниқланиб қўлга олинди ва вилоят Ички ишлар бошқармаси Пробация ва Жазони ижро этиш бўлими 4-сон Тергов Ҳибсхонасига жойлаштирилиб, қидирув бекор қилинди.