Бухорода ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал майор Азизбек Икрамов иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар масалалари бўйича янги иш тизими ишлаб чиқилгани алоҳида эътироф этилган эди.
Унга кўра, ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари, туманда маҳалла ва оила бўлими бошлиғи ўринбосари ва 2 нафар мутахассиси, вилоятда эса 8 нафаргача штат бирлиги берилгани, жойларда ҳокимларнинг маҳалла ва оила масалалари бўйича ўринбосарлари “аёллар дафтари” бўйича масъуллиги белгиланган ҳамда ҳар бир шаҳар ва туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқларининг ўринбосарларига моддий ва ижтимоий кўмак бериш, уларни рисоладагидек фаолият юритишлари учун турар жой ҳамда хизмат автомашиналари билан таъминлаш ҳақида топшириқ берилганди.
Мазкур талабга мувофиқ, Бухоро вилояти ҳам 13 та шаҳар ва туманда ҳоким маслаҳатчиси мақомини олган маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосарларига бугун 9 ноябрь куни “Nexia-3” русумли хизмат автомобилларини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал майор Азизбек Икрамов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳрат Алиев ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Йўлдош Жумаев ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этиб, бевосита хотин-қизлар масалаларига масъул бўлган бўлим бошлиғи ўринбосарларини эътибор ва рағбат билан табриклаб, уларга ажратилган хизмат автомобиллари калитларини тантанали тарзда топширдилар.