Бухорода вояга етмаган ўғлини “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини сотишга жалб этган ота ва унинг жиноий шериги қўлга олинди
Бухоро вилоятида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, эгаллаш, тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни ўтказиш, истеъмол қилишга жалб этиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатларга қарши курашиш борасида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш бўлими томонидан кенг кўламли тезкор ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Худди шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 7 ноябрь куни Бухоро шаҳрида Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тезкор ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Ўтказилган мазкур тезкор тадбирда, 1993 йилда туғилган якка тартибда ишловчи Бухоро тумани Гулшанобод МФЙда яшовчи, А.Т. маҳалладошлари 1976 йилда туғилган О.З. ҳамда унинг вояга етмаган ўғли 2002 йилда туғилган Ш.Н. лар билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, назорат тариқасида гиёҳвандлик воситаларини сотиб олиш учун юборилган фуқаро Н.П. га Бухоро шаҳар С.Айний кўчасида 8 дона “Спички” ёзувли гугурт қуттиларга алоҳида-алоҳида қадоқланган ҳолдаги Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг 2020 йил 7 ноябрь кунидаги 301-сонли судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра соф вазни 20.54 грамга тенг бўлган кўп миқдордаги "Марихуана" гиёҳвандлик воситаларини 200 АҚШ доллари ва 400.000 сўм нақд пул эвазига қонунга хилоф равишда сотган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан жиноят устида қўлга олинган гумон қилинувчилар А.Т. ва О.З. ҳамда унинг вояга етмаган ўғли Ш.Н.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.