Бухорода зўравонлик ҳамда тазйиққа учраётган аёл ва қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида манзилли чоралар амалга оширилмоқда
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ва Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди идоралар масъулллари билан биргаликда зўравонлик ҳамда тазйиққа учраётган хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Бунда асосий эътибор “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларининг шакллантирилиш орқали эрта турмуш, эрта туғруқ, аёл ва қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларини олдини олиш, узоқ муддатга кетган аёлларнинг фарзандлари тарбияси билан шуғулланиш, узоқ муддатдан қайтиб келган хотин-қизларни касбга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш, моддий жиҳатдан қийналган, ажрашиш ёқасига келиб қолган, муаммоли оилалар билан самарали ишлар ташкил этиш орқали, бундай тоифа оилалардаги аёл ва қизларни ҳимоя қилиш, ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ишларига қаратилмоқда.
Жумладан, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси масъуллари томонидан бир қатор прфилактик тадбирлар амалга оширилиб, шаҳарнинг Алатхона кўчасида яшаб келаётган, ажрим ёқасига келиб қолган оила, 1980 йилда туғилган, М.О. ва унинг турмуш ўртоғи 1974 йилда туғилган М.Н. ларнинг азалий келишмовчиликлари, эрнинг ўз турмуш ўртоғига нисбатан доимий равишда тайзиқ ўтказиб, ҳақорат қилиб, уриб тан жароҳати етказиб, уни яшаш уйидан ҳайдаб юборганлик ҳолати ўрганилиб, ҳамкор ташкилотлар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.
Ўрганиш натижаларига кўра аёлга 1 ой муддатга “Ҳимоя ордери” берилиб, мазкур оиланинг муаммосини ҳал қилиш, уларни яраштириш юзасидан манзилли тадбирлар белгиланди ҳамда эр ва хотинга мураббийлар бириктирилиб, ушбу оила маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ҳамда ички ишлар органларининг алоҳида назоратига олинди.
Шунингдек, Когон туманида ўтказилган ушбу турдаги профилактик тадбирлар давомида туман Ички ишлар бўлими Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси Хотин-қизлар масалалари бўйича гуруҳ ходимлари томонидан бир неча йиллардан буён оилавий жанжалкаш, ажрим ёқасига келиб қолган, жиноят қилишга мойил сифатида ички ишлар органларининг рўйхатида турувчи оила, туманнинг Работипоён маҳалласида яшовчи 1983 йилда туғилган С.Р. ва унинг 1982 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ж.А.лар ўртасидаги рашк туфайли мавжуд зиддият ва келишмовчиликлар муҳокама қилиниб, профилактик огоҳлантирув тадбирлари ўтказилди ва аёлни турли хилдаги тазйиқ ҳамда зўравонликлардан ҳимоя қилиш мақсадида 1 ой муддатга “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилиб берилиб, ордернинг талаблари, уни бузганликда келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар батафсил тушунтирилди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳар куни изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.