Бухорода зўравонлик ҳамда тазйиққа учраётган хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари “Ҳимоя ордери” орқали таъминланмоқда
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим томонидан, шаҳар-туман Ички ишлар органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, зўравонлик, тазйиқ ва турли руҳий ҳамда жисмоний қийноқларга учраб келаётган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эрта турмуш, эрта туғруқ, ўз жонига қасд ва суиқасд билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш, ажрим ёқасига келиб қолган оилалардаги аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари муаммоларини ҳал қилиш орқали, ажримларни олдини олиш, узоқ муддатга кетган оилалардаги аёллар ва уларнинг қаровсиз қолган фарзандлари тарбияси билан шуғулланиш, уларни чет мамлакатлардан қайтариш ва ўзи яшаб келаётган ҳудуддаги бўш иш ўринларига ишга жойлаштирган ҳолда бандлигини таъминлаш, ишсиз ва касбга эга бўлмаган аёлларни касбга ўргатиш борасида кенг кўламли амалий тадбирлар, манзилли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан: Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси мутасаддиларининг ҳамкорликда ўтказган амалий тадбирлари натижасида Бухоро шаҳар Шодлик кўчасида яшовчи фуқаро 1988 йилда туғилган Ш.Д. нинг мурожаатига асосан, унга таниш бўлган эркак Б.Т. томонидан тазйиқ ўтказиб келинаётганлиги аниқланиб, томонлар иштирокида мазкур ҳолат муҳокама қилинди ва фуқаро Ш.Д. га бир ой муддатга “Ҳимоя ордери” берилди.
Шундан сўнг яна бир манзил Бухоро шаҳар А.Жомий кўчасида яшовчи фуқаро 1995 йилда туғилган оилали, 1 нафар фарзанди бор А.Қ.нинг хонадонида бўлган масъуллар, унинг ўз турмуш ўртоғи 1990 йилда туғилган Ҳ.Р. томонидан доимий равишда ҳақорат қилиниб, уриб дўппослаб келинаётганлиги ҳолатини аниқладилар ва ушбу ҳолат атрофлича ўрганилиб, мазкур аёлга ҳам ўз турмуш ўртоғидан ҳимоя қилиш учун бир ой муддатга “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилиб, ордернинг талаблари, уни бузганлик учун келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар батафсил тушунтириб берилди.
Вобкент туманида ҳам юқоридаки каби тадбирлар давом эттирилиб, мутасаддилар томонидан Ниёзхўжа МФЙдаги носоғлом оилаларнинг яшаш шароити ўрганилди. 2004 йилда туғилган 10-синф ўқувчиси Б.М ҳамда унинг ота онаси билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уларга фарзандларининг тарбиясига этиборсиз бўлмасликлари тушунтирилди ва психологлар хизматидан фойдаланган ҳолда ушбу вояга етмаган қиз ва унинг оила аъзолари билан индивидуал руҳий профилатик текширув ўтказилди. Вояга етмаган қизнинг ота-онаси ҳамда мактадаги ўқитувчиларига керакли тавсия ҳамда топшириқлар берилиб, ушбу қиз алоҳида назоратга олинди.
Вобкент туманидаги иккинчи манзил яъни, шу маҳалладаги яна бир хулқ-атворида салбий ўзгаришлар кузатилаётган, 2004 йилда туғилган вояга етмаган қиз М.Н.нинг яшаш хонадонига борган мутасаддилар, унинг ота-онаси билан профилактик суҳбат олиб бориб, қизининг бегона шахслар билан мулоқотга киришаётганлиги, ёмон йўлларга кириб кетиши эътимоли борлиги, уни бу йўлдан қайтариш, ўқиш ва ижтимоий ҳаётдаги роли ва ўрнини кўтариш, яхшилаш борасида туман ички ишлар бўлими, маҳалла ва мактаб мутасаддилари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилиши лозимлиги тушунтирилиб, вояга етмаган қиз М.Н. маҳалла, мактаб ва Ички ишлар органларининг оталиғи ва алоҳида назоратига олинди.
Когон туманида ўтказилган тадбирда, туманнинг Мустақиллик МФЙсида яшовчи нотинч оила сифатида профилактик ҳисобга олинган 1973 йилда туғилган аёл Г.М. нинг оиласида бўлган мутасаддилар, унинг турмуш ўртоғи билан ўрталаридаги бир неча йиллик келишмовчиликларнинг сабабларини ўргандилар, ўрганиш жараёнида аёлнинг турмуш ўртоғи С.Р.нинг спиртли ичимликка ружу қўйганлиги, ишламасдан оила аъзоларига руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб келаётганлиги аниқланиб, аёлга бир ой муддатга “Ҳимоя ордери” берилди.
Когон туманидаги кейинги манзил Мустақиллик маҳалласида яшовчи ажрим ёқасига келиб қолган оила 1996 йилда туғилган У.М. ва унинг турмуш ўртоғи Н.Б. ларнинг оиласига борилиб, уларнинг турмуш шароити, ўрталаридаги келишмовчиликлар сабаблари, қудалар ўртасидаги носамимий муносабатлар, турмуш ўртоғининг ишсиз эканлиги, моддий томондан оиласини таъминлай олмаётганлик ҳолатлари ўрганилиб, уларни иш билан таъминлаш борасида туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда чора-тадбирлар белгиланиб, бир бирларига нисбан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказмасликлари тушунтирилиб, оила яраштирилди ва аёлга бир ой муддатга “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилиб берилди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида амалга ошириб борилмоқда.