Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизматининг биринчи ярим йиллик фаолияти муҳокама қилинди
Мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати таркибидаги соҳавий хизматларнинг навбатдаги ҳисобот йиғилиши ҳам бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар ва уларнинг 6 ойлик натижаларига бағишланди.
Бошқарма бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев бошчилигида таҳлилий-танқидий тарзда олиб борилган ҳисобот йиғилишида вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мажлислар залида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамда Пробация назорати остида турувчи шахслар билан амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида сўз юритилди.
Шу ўринда, вилоятда жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга доир бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилган.
Хусусан, профилактик ҳисобда турган илгари судланган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар, жиноят содир этиш эҳтимоли юқори бўлган, соғлиқни сақлаш муассасаларининг махсус ҳисобида турувчи, спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар, гиёҳвандлар ва тажовузкор руҳий хаста беморлар устидан алоҳида назорат ўрнатилиб, улар билан якка тартибда олиб борилган профилактик чора-тадбирлар натижасида уларнинг ижтимоий мослашуви таъминланган.
Ҳисобот йиғилишида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан бошқа соҳавий хизматлар билан ҳамкорликда сайёҳлик намойиши объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш, сайёҳларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, хорижий давлатлар ва Халқаро ташкилотларнинг делегациялари муносиб кутиб олиниб, уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланиши натижасида 6 ой давомида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар билан боғлиқ бирорта ҳам жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмаганлиги эътироф этилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида эса “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 6 ой давомида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг сони 2021 йилнинг шу даврига нисбатан -3,5 фоизга камайган.
Муҳокама йиғилишида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда камчиликлар ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, жамоат хавфсизлиги хизматининг кейинги ярим йилликка мўлжалланган устувор вазифалари юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Якунда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун интизомий жазо чоралари қўлланиладиган ҳамда юқори натижаларга эришганлиги учун рағбатлантириладиган ходимлар тўғрисида таклиф ишлаб чиқиш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди.