ДИҚҚАТ! ДИҚҚАТ! ДИҚҚАТ! Жондорда ОИВ инфекциясини била туриб ўзгага қасддан юқтирган шахс аниқланди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари ҳамда вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда, ОИВ инфекциясини тарқалишига қарши курашиш борасида бир қатор тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказилиб, ушбу йўналишда Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилиниб, фуқароларимизга огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Аммо, ўзи, оила аъзолари, яқинлари ва атрофдагиларнинг ҳаёти ва соғлигига эътиборсиз бўлган, носоғлом турмуш тарзи ва тартибсиз жинсий муносабатлар натижасида гоҳида билиб, гоҳида билмаган ҳолда турли юқумли касалликларни, айниқса ОИВ инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Энг ачинарлиси, ўзида ОИВ инфекцияси аниқланганлиги, инфекцияни юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олиниб, ушбу вирусни бошқа шахсларга юқтирганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисида огоҳлантирилиб, тилхат олинганлигига қарамасдан, ўзгаларга мазкур вирусни қасддан юқтириш ёки юқиш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилаётган шахсларнинг аниқланаётганлиги бугун барчани қаттиқ ташфишга солмоқда.
Жумладан, Жондор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Вобкент туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган С.Д. исмли аёл, 2019 йилнинг май ойидан бери ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида вилоят ОИТСга қарши курашиш Маркази томонидан рўйхатга олиниб, ОИВ инфекциясини бошқа шахсларга юқтирмаслик учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида бир неча маротаба ёзма равишда огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, Жондор тумани Далмунобод маҳалласидаги хонадонлардан бирида ўзининг ОИВ касаллигига чалинганлигини билган ҳолда фуқаро С.Ш. билан ҳимоя воситасиз жинсий алоқада бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан С.Д. исмли аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 113-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда, ушбу аёлнинг бошқа шахслар ҳаёти ва саломатлигини худди шу каби хавф остига қўйган қўймаганлигини аниқлашга қаратилган дастлабки тергов ҳамда текзор суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, бугунги кунда авж олиб бораётган ОИВ инфекциясини юқтириб олмаслик мақсадида соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, тартибсиз жинсий муносабатларга киришмаслигингизни сўраб қоламиз.
Шунда ўзингиз, оила аъзоларингиз, яқинлар ва атрофдагиларни ОИВ инфекцияси юқишидан асраб қолган бўласиз!