Ёш қизлар муаммолари ечимини топмоқда...
Ромитан тумани Ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича масъул ходимлари томонидан туманда вояга етмаган қизларнинг таълим тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари ҳамда Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссиялар билан ҳамкорликда ёш қизлар орасида тиббий маданиятни ошириш бўйича тарғибот ва ташвиқот тадбирлари кучайтирилди.
Вояга етмаган ёш қизларнинг муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида ишчи гуруҳлар тузган ҳолда ташкилий ва манзилли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Шўрча маҳалласида яшовчи, қонуний ажрашган ва ҳозирги кунда ҳар иккаласи ҳам чет мамлакатларга ишлаш учун чиқиб кетган 1982 йилда туғилган М.З. ва унинг собиқ турмуш ўртоғи М.О. ларнинг 2003 йилда туғилган вояга етмаган фарзанди бугунги кунда буви ва бобоси тарбиясида қолиб, тарбиясида салбий ўзгаришлар кузатилаётганлиги ҳолати ўрганилди ва қариндошлари ҳузурида муҳокама қилинган ҳолда, амакиси ва унинг оиласи тарбиясига топширилиб, ички ишлар бўлими томонидан алоҳида назоратга олинди.
“Тарнаут” маҳалласида яшовчи 2003 йилда туғилган вояга етмаган Б.М. ҳам оиладаги келишмовчилик сабабли тарбиясида салбий ўзгариш кузатилгани боис, у билан профилактик суҳбатлар олиб борилиб, ички ишлар бўлимининг профилактик ҳисобига олинди ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 561-сонли Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январь кунидаги 3-сонли қарори асосида Ромитан туманида тазйиқ ва зўравонликка учраган вояга етмаган қизларга ҳам «Ҳимоя ордер»ларини расмийлаштириб бериш амалиёти йўлга қўйилган.
“Шўрча” маҳалласида яшовчи 2005 йилда туғилган вояга етмаган Н.Сни таниши 2002 йилда туғилган К.И. безовта қилиб, руҳий зўравонлик қилганлиги бўйича профилактик тушунтириш ишлари олиб борилиб, 1 ой муддатга ҳимоя ордери берилди. Фуқаро И.К.га ҳимоя ордери талабларини бузган тақдирда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2061-моддаси билан жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Шунингдек, Самосий маҳалласида яшовчи 1984 йилда туғилган З.М. исмли аёлнинг 2006 йилда туғилган вояга етмаган И.Ш. исмли фарзанди билан келишмовчилиги, она-бола ўртасидаги ўзаро тушунмовчиликлар муҳокама қилиниб, улар яраштирилди.