“Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари тарқалишига қарши курашиш” тезкор профилактик тадбири доирасида Бухоро вилоятида амалга оширилган ишлар
Республикамиз миқёсида ўтказилаётган “Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари тарқалишига қарши курашиш” тезкор профилактик тадбирлари доирасида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси, шаҳар ва туман ички ишлар органлари, тегишли соҳавий хизматлар, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бир қатор амалий ва манзилли тадбирлар амалга оширилди.
Бухоро вилояти ИИБ, ДХХ ва Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаларининг қўшма фармойишига мувофиқ тезкор профилактик тадбирларга Ички ишлар бошқармасидан 100 нафар, ДХХ Бухоро вилоят бошқармасидан 20 нафар, Миллий гвардиядан 25 нафар ходимлар жалб этилиб, вилоятнинг Бухоро шаҳар, Вобкент ва Ғиждувон туманлари ҳудудларида гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланиб келаётган ҳамда жиноят содир этишга мойил шахслар хонадонларида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилди.
Жумладан, Бухоро шаҳар Т.Фароғий кўчасида яшовчи фуқаро М.Х. нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 3 дона бита, 2 дона ўткир тиғли пичоқ, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш чун мўлжалланган 2 дона муштук ва 1 дона пневматик пистолет борлиги аниқланди.
Ғиждувон туманида ўтказилган тадбирлар давомида, туманнинг Дилкушо маҳалласида истиқомат қилувчи К.Р.нинг яшаш хонадонидан 340 туп кўкнор ўсимлиги, Ибн Сино кўчасида яшовчи фуқаро А.А.нинг яшаш хонадонидан 1 дона “BAT” ёзувли бита, араб ёзувли ҳужжат ва каннабис гиёҳванд ўсимлиги уруғлари, худди шундай Кабоби кўчасида яшовчи З.А.нинг яшаш хонадонидан 1 дона ПР-73 резина таёғи, жанговор холдаги 4 дона ов милтиғи ўқи ва каннабис гиёҳванд ўсимлиги уруғини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Вобкент туманида ҳам юқоридаги каби тезкор профилактик тадбирлар давом эттирилиб, туманнинг Работиболо кўчасида яшовчи Ғ.У.нинг яшаш хонадонидан 67 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси, Шакаркент маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро А.В.нинг уйидан “марихуана” гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш учун тайёрланган баклашка ва фалга бўлаклари, Пахтакор кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро А.С.нинг яшаш хонадонидан 1 дона кўкнор бошоғи бўлаклари аниқланди.
Вобкент тумани Гулзор кўчасида яшовчи А.Т. нинг ҳаракатлари ҳаммасидан ўтиб тушди. Унинг яшаш хонадони ҳамда ёрдамчи хўжаликларида тинтув тергов ҳаракати ўтказилганда, хонадонининг турли жойларида яшириб қўйилган 12 дона гугурт қутида алоҳида қадоқланган “марихуана” гиёҳвандлик ўсимлиги уруғи, 56 дона гугурт қутида алоҳида қадоқланган, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра соф вазни 504 граммга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини келгусида сотиб мўмай даромад қилишни кўзлаган ҳолда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Аниқланган мазкур ҳолатлар юзасидан ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.