26 Апрел 2021 йил 500

“Газпроминвестхолдинг” биржа брокери сифатида Ромитанлик фуқарони 20 млн сўмга ухлатган фирибгар қўлга тушди

Бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот идораларининг расмий веб сайтлари, ижтимоий тармоқдаги бошқа платформалар, телевидение ва радио орқали тарғибот ва ташвиқот, брифинг ҳамда мурожаатномалар кўринишида фуқароларимизнинг турли ижтимоий тармоқларда алданиб қолиш ҳолатлари ҳақида маълумотлар берилиб, фуқароларимизни ҳушёрликка чақиришимизга қарамасдан, ижтимоий тармоқ фирибгарларининг “қурбони”га айланиб қолаётган юртдошларимизнинг сафи  камаймаяпти.

Жумладан, 1994 йилда туғилган, Ромитан тумани Газли шахарчасида яшовчи, “Газлинефтгазқазибчиқариш” МЧЖ ишчиси С.С. интернет тармоқлари орқали ўзини “Газпроминвестхолдинг” биржа брокери деб таништирган номаълум шахс билан танишиб, ушбу шахснинг биржага сармоя киритиш ва бунинг эвазига фойда олиш таклифига ишониб 20.000.000 сўм пулларини сармоя сифатида ушбу номаълум шахс айтган интернет тармоғидаги ҳисоб рақамига ўтказиб берган, аммо кейинчалик алданганлигини билиб, ушбу шахсни топиб пулларини олишда ёрдам беришни сўраб туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Тошкент вилояти, Бекобот шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган Т.Д. исмли шахс содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шу ўринда барча ватандошларимиздан осон бойлик орттириш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдоларда қатнашмасликларини, пул ўтказмаларини амалга оширилмасликларини, ўзларининг сир сақланиши лозим бўлган пластик карталари рақамларини ошкор қилмасликлари ва бировга расмга тушириб бермасликларини ёки оғзаки тарзда маълум қилмасликларини сўраб қоламиз.

Зеро ижтимоий тармоқ фирибгарларининг найрангларига алданиб қолиш хавфи жуда юқорилигини унутманг.

Text to speech