Гиёҳвандлик–жирканч иллат. Иккита “гугурт қути”га... 1 миллион 400 минг сўм ?!
Ўйламай босилган қадам кўп ҳолларда афсус-надоматга сабаб бўлган. Нега деганда, таваккалчилик ҳамиша ҳам муваффақиятга етаклайвермайди. Аҳоли орасида мунтазам олиб борилаётган профилактик тарғибот ва тушунтириш ишларига қарамасдан, ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони камаймаяпти. Афсуски, таваккалчиликни хуш кўрадиган айрим нопок кимсалар ўз ғараз мақсадларини амалга ошириш учун ҳар қандай разилликдан тап тортмаяпти.
Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилаётган наркотик ҳамда психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаш, экиш, етиштириш, ўтказиш билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш мақсадида “Тозалаш-антитеррор”, “Қорадори-2021” каби тезкор профилактик тадбирлар давомида таркибида гиёҳванд моддалар сақлайдиган ўсимликларни томорқа ерида хуфёна экиб, парваришлаш ҳолатлари аниқланаётгани ҳам юқоридаги фикримизга далилдир.
Масалан, шу йилнинг 9 январида туманнинг “Хўжа Ориф” маҳалласида яшовчи фуқаро фуқаронинг ҳовлиси ва томарқа ер майдонлари кўздан кечирилганда, 2 метрга 8 метр ўлчамда қурилган иссиқхонада 450 туп, ҳудди шундай, 4 метрга 8 метрли бошқа бир иссиқхонада жами 1 минг 690 туп кўкнор гиёҳвандлик ўсимлигини яширинча парваришлаб келаётгани аниқланди. Шу куни ушбу фуқаронинг уйи ҳамда ёрдамчи хўжаликларида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида яшаш хоналаридан биридан турли ўрамларда сарғиш-бинафшаранг тусдаги, ўзига хос ўткир ҳидли, қуритилган ҳолдаги ўсимлик бошоғи, гулбарглари, қуритиб майдаланган хашаги борлиги ҳам аён бўлди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, соф вазни 529,46 граммга тенг бўлган бу моддалар кўп миқдордаги қуритилган ҳолатдаги кўкнор ўсимлигининг хашаги эканлиги аниқ бўлди.
Шунингдек, умумий вазни 5,91 граммга тенг “гашиш” гиёҳвандлик моддасини ҳам хуфёна сақлаб келаётганлиги исботланди.
Яна бир мисол: бир неча ойдирки, гумонланувчи сифатида кузатувда бўлган фуқаро Қ.З. дан шу йил 10 февраль куни гиёҳванлик воситасини “назорат тартибида олиш” тадбири давомида у 2 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларга қадоқланган “марихуанна” гиёҳвандлик воситасининг ҳар қутисини 700 минг сўмдан сотган вақтида Ғиждувон тумани, “Зарангари” маҳалласидаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси олдида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шу йил 24 февраль куни соат тахминан 21:00 ларда вилоят Божхона бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса ҳудуддаги “Темирчи” маҳалласидан ўтган катта йўл ёқасида фуқаро Ш.А. харидорга соф вазни 12,77 граммга тенг бўлган “марихуанна” гиёҳвандлик воситасини жами 200 АҚШ доллари эвазига сотган пайтида қўлга олинди. Унинг эгнидаги кийимлари кўздан кечирилганида эса кўйлаги чўнтагидан соф вазни 2,96 граммга тенг бўлган “марихуанна” гиёҳвандлик воситаси чиқди ва бу модда ҳам тегишлича расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, “Қорадори 2021” кенг қамровли махсус профилактик тадбири давомида шофирконлик фуқаро шу йил февраль ойида ўзининг яшаш манзили, Алишер Навоий маҳалласидаги уйининг томорқасида, аниқроғи, 1 сотих ер майдонида бамайлихотир, ҳеч кимдан тап тортмасдан, жами 1 минг 608 туп тақиқланган “кўкнор” гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганида фош этилди.
Бу фуқаронинг яшаш уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, айвонидан экспертиза хулосасига кўра, соф вазни 6,61 граммга тенг қуритилган кўкнор ўсимлиги хашагини сақлаб келинаётганлиги тасдиқланди.
Таассуфки, худди шундай ҳолат “Қалмоқон” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.З. нинг ҳовлисидаги томорқасида ҳам қайд этилди. Кўкнорга ўч бўлган оила соҳиби экин ерида 90 туп кўкнор гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётган экан. Юқоридаги каби ҳар бир аниқланган ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган ҳолда тегишли ҳужжатлар суд органларига оширилган ва албатта, айбдорлар қилмишига яраша қонуний жавобгарликка тортиладилар.
Кези келганда, бир мулоҳаза. Фаолиятга назар солсак, ўтган йил якунига қадар Шофиркон туманида гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш, етиштириш, ўтказиш билан боғлиқ 7 та жиноий ҳолат қайд этилган бўлса, жорий йилнинг 4 ойи давомида бу борадаги кўрсаткич бултурги даражага етган. Шу нуқтаи назардан, айтмоқчи бўлганимиз, халқимизда “қинғир иш–келтирар ташвиш” деган пурмаъно ҳикмат бежиз айтилмаган. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишига қарши юртимизда кескин жазо чоралари кўрилаётган экан, таваккалга қўл уриб, мўмай фойдани кўзлаётган юқоридаги сингари оғуфурушлар ёки шу қалтис йўлга мойил бўлган фуқароларни огоҳликка, тўғри йўлга даъват этамиз. Зеро, сўнгги душман–ўзингга душман, ҳар қандай ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатга нисбатан чора кўрилиши муқаррар.
Аваз Элбеков,
Шофиркон тумани ИИБ бошлиғи, подполковник