Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг ўттиз тўртинчи сессиясида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ҳисобот берди
Бугун, 10 май куни халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг ўттиз тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, тегишли вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари, сиёсий партиялар, доимий комиссиялар раислари, сенаторлар ва маҳаллий кенгаш депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари, вилоят ҳокимлигининг гуруҳ раҳбарлари, профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишни вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.
Сессия кун тартибидаги биринчи масала, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартиби, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан жорий йилнинг 3 ойи мобайнида вилоятда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда амалга оширилган профилактик чора-тадбирлар натижалари юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиевнинг ҳисоботи эшитилди.
Жорий йилнинг 3 ойи мобайнида вилоят ҳудудида жами 933 та жиноятлар қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 330 тага ёки 54,73 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 275 тага ёки 76,82 фоизга кўпайишига йўл қўйилди.
Қайд этилган жиноятлар 100 минг аҳоли сонига нисбати ўртача 47 тадан тўғри келиб, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 16 тага (31/47) ўсган. Рўйхатга олинган жиноятларнинг 474 таси жорий йилда, 459 таси аввалги йилларда содир этилган. 313 таси эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ташаббуси билан аниқланган жиноятларни ташкил этса, 620 та олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида ички ишлар органлари ташаббуси билан жиноятларнинг аниқланиши 51 тага ёки 76,1 фоизга яхшиланди.
Бироқ эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда вилоят ҳудудини жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Жумладан, қотиллик жинояти 3 тага ёки 300 фоизга, талончилик 4 тага ёки 100 фоизга, ўғирлик 70 тага ёки 104,48 фоизга, безорилик 1 тага ёки 7,14 фоизга, фирибгарлик 119 тага ёки 100 фоизга, товламачилик 1 тага ёки 25 фоизга, ўртача оғирликдаги тан жароҳати 14 тага ёки 100 фоизга, енгил тан жароҳати етказиш 31 тага ёки 172,22 фоизга кўпайди.
Ҳудудларда криминоген вазиятнинг таҳлилига кўра, сўнгги вақтда жиноятчиликни жиловлаш ишларига барча ҳудудларда ҳам бир хил ёндашилмаяпти ва айрим раҳбарлар жиноятчилик масаласига иккинчи даражадаги вазифа сифатида қараб келаётганлиги маълум бўлиб қолмоқда.
Ҳудудларда содир этилаётган жиноятлар шаҳар-туманлар, секторлар, маҳаллалар кесимида бирма-бир таҳлил қилинди. Хизмат фаолияти давомида ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун секторлар раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари кескин огоҳлантирилди. Масала муҳокамасида қатнашган вилоят ҳокими Ботир Зарипов вилоят ҳудудида содир этилишига йўл қўйилган жиноятлар юзасидан фақатгина профилактика инспекторлари ва бошқа ички ишлар органлари ходимлари эмас, балки сектор раҳбарлари, тааллуқли идора ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва бошқа мутасаддиларнинг ҳамкорлиги зарурлигини таъкидлади. Бу борада халқ вакилларининг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.
“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишини, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам таклифлар олинди.
Шунингдек, бугунги кунда ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳақида ҳам сўз юритилиб, намунали маҳаллалар тажрибасини оммалаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Сессия кун тартибидаги биринчи масала кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев маҳаллий кенгаш депутатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларнинг саволларига батафсил жавоб берди.
Шундан сўнг вилоятда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, кенг кўламли профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар бирма-бир муҳокама қилиниб, халқ депутатлари вилоят кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.