31 Март 2021 йил 516

Халқаро ҳамкорлик доирасида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида хизмат қилаётган аёл ходималар билан гендер тенглик масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш, хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, шунингдек жамиятда аёлларнинг самарали иштироки, қолаверса, етакчилик қилиши учун тенг имкониятларни яратиш, аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 31 март куни “WOMENS LEADERSHIP” халқаро ўқув маркази директори Гулихоним Шейх Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасига ташрифи давомида тизимда хизмат қилаётган аёл ходималар билан “Ички ишлар органларида гендер тенглик масалалари” юзасидан семинар-тренинг ўтказди.

Самарқанд шаҳрида туғилиб ўсган, 16 йилдан буён Англияда яшаб, оила қуриб, “Оксфорд” университетида таҳсил олаётган, ҳозирги кунда учта компанияга асос солиб, уларни бошқариб келаётган, ногирон ва етим болаларга, кам таъминланган оилаларга ёрдам қўлини чўзиб хайрия ишлари билан шуғулланиб келаётган, гендер тенглик тарғиботчиси Гулихоним, бугунги семинарда Европа давлатлари, хусусан Буюк Британия полициясида хизмат қилувчи хотин-қизлар учун гендер тенглик борасида яратиб берилган шарт-шароитлар, ҳар бир соҳада аёл ходималарга эркаклар билан тенгма-тенг масъулият юклатилиб, уни амалга оширишдаги имкониятлар борасида фикр-мулоҳазалари ва тажрибалари билан ўртоқлашди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида, айниқса, вояга етмаганлар ва хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фикр ҳамда мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидлаш жоизки, Гулихоним Шейх ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходималарнинг ўз вазифаларига виждонан ёндашиб, жамиятдаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда олиб бораётган ишларидан мамнун эканлигини билдириб ўтди.

Семинар-тренинг қизиқарли суҳбат, тажриба алмашиш, қизғин савол-жавобларга бойлиги билан барча иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

Text to speech