“Халқаро оила куни” муносабати билан Бухорода юриш марафони ўтказилди
Бугун, 22 май куни Бухоро шаҳрида 15 май — “Халқаро оила куни” шиори остида юриш бўйича марафон ўтказилди.
Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирга Бухоро вилояти ҳокими ҳамда вилоят сектор раҳбарлари жамоатчилик иштирок этди.
Шу куни эрталаб вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилот мутасаддилари ва ходимлари, таниқли эстрада хонандалари ва кино актёрлари, талабалар, умуман олганда, соғлом турмуш тарзини саломатлик асоси деб билган ҳамюртларимиз Лаби Ҳовуз ансамбли ёнида жам бўлишди.
Марафон бошланишидан олдин масъуллар томонидан соғлом турмуш тарзининг аҳамияти хусусида сўз юритилиб, бу каби тадбирларни кенг қамровда ва доимий тарзда ўтказиб турилиши зарурлиги таъкидланди.
Соғлом турмуш тарзининг муҳим шартларидан бири бўлган юриш ва бадантарбия тарғиботига ҳисса қўшиш, бу борада аҳоли қизиқишини оширишда барча фаолликка чорланди.
Икки минг нафарга яқин марафон қатнашчилари Лаби-ҳовуз ансамблидан Арк қўрғонигача бўлган масофани босиб ўтишди.
— Юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади. Мушакларни бақувват қилади. Суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради. Жисмоний фаолиятнинг бундай тури ҳаракатнинг энг хавфсиз тури ҳисобланиб, уни деярли ҳар бир киши — ўсмирдан тортиб, кекса одам ҳам бемалол бажаришга қодир, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғафур Саидов.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоизи яшаётган экологик муҳитига, 15 фоизи ирсий омилларга, бор йўғи 10 фоизи тиббиётга боғлиқ экан. Демак, соғлом турмуш тарзига мунтазам равишда амал қилиш турли хасталиклардан холи, чиройли ва бахтли яшаш омилидир.