Хотин-қизлар жамоалари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Бухоро вилояти 3-сектор губоги” нинг финал босқичи ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрь кунидаги “Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, фуқароларни, айниқса, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва оммавий спортга жалб этиш мақсадида жорий йилнинг 1 февраль кунидан 25 февраль кунига қадар Бухоро вилоятининг 13 та шаҳар ва туманлари 3-секторларига қарашли 144 та маҳаллаларда истиқомат қилувчи хотин-қизлардан таркиб топган жамоалар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича ҳудудий сектор раҳбарлари кубоги мусобақалари ўтказилаётганлиги тўғрисида хабар берган эдик.
Ушбу мусобақаларда фахрли биринчи ўринни олган 13 та жамоалар, бугун Бухоро шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежи спорт мажмуасида “Вилоят 3-сектор кубоги” нинг финал босқичида ўзаро беллашдилар.
Кескин ва муросасиз ўтган беллашувлар якуний натижаларига кўра, Бухоро шаҳар 3-сектор ҳудудидаги “О.Хўжаев” маҳалласи жамоаси фахрли 1-ўринни, Шофиркон тумани 3-сектор ҳудудидаги “Денов” маҳалласи жамоаси 2-ўринни ҳамда Олот тумани 3-сектор ҳудудидаги “Бўстон” маҳалласи жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Финал мусобақасида юқори натижаларга эришган жамоалар вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан кубок ва медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.