24 Июн 2021 йил 968

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг Бухоро вилояти аъзолари иштирокида кенгаш йиғилиши ўтказилди

Бугун, 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигида «Аёл тинч бўлса - оила тинч, оила тинч бўлса - юрт тинч!» шиори остида Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг Бухоро вилояти аъзолари иштирокида кенгаш йиғилиши ўтказилди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда сектор раҳбарлари, вилоятдаги туман-шаҳар жамоатчилик кенгашлари аъзолари, секторлар ҳудудларидаги 52 та наъмунали «Аёллар маслаҳат кенгашлари» аъзолари, вилоятнинг барча раҳбар хотин-қизлари, фаол аёллар, соҳа ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Республикада илк маротада айнан Бухоро вилоятида ташкил этилган мазкур учрашувда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси Танзила Камаловна Норбоева сўз олиб, сўнгги йилларда жамиятимизда хотин-қизларнинг мавқеини янада юксалтириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш борасида алоҳида тўхталиб ўтди.

Шу билан бирга, Кенгаш йиғилиши давомида вилоятда хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ва психологик хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, туман-шаҳарлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллалардаги «Аёллар маслаҳат кенгашлари» фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш «Аёллар дафтари» билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳамда бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳам муҳокама қилинди.

Шу ўринда, Бухоро вилоятида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда давлат бошқарувида иштирокини ошириш мақсадида 4 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар заҳираси шакллантирилган бўлиб, ҳозирда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли машғулотлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, вилоятда 1 нафар аёл Наргиза Неъматова - Олот тумани ҳокими, 1 нафар аёл Абера Ҳусенова - сенатор, 1 нафар аёл Дилфуза Мустафаева - Халқ таълими бошқармасида, 1 нафар аёл Дилфуза Шаропова эса Ички ишлар бошқармаси тизимида раҳбарлик лавозимларида жонбозлик билан фаолият юритиб келмоқда.

  • Хусусан, бугунги кунда Бухорода 2 минг нафардан ортиқ фаол хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда. Вилоятда 26 нафар «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, 52 нафар «Маҳалла ифтихори», 43 нафар «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланган аёллар турли соҳаларда фидойилик билан фаолият олиб боришмоқда.
  • 2019 йил декабрь ойида Парламентга ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайлов натижаларига кўра, Бухоро вилоятида Олий Мажлис ҳамда маҳаллий кенгашларга жами 117 нафар аёллар депутатликка сайланган бўлиб, шундан 3 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 19 нафари вилоят ва 98 нафар аёл эса туман халқ депутатлари Кенгашларига сайланган.

Бундан ташқари Кенгаш йиғилишининг якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021 йил 4 июндаги «Аёллар маслаҳат кенгашлари»ни моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги қарорига асосан вилоятда хотин-қизларнинг муаммоларини эшитиш ва уларни ечишда жонбозлик кўрсатаётган энг намунали ва самарали фаолият кўрсатаётган 2-сектор ҳудудида жойлашган Олот тумани «Хидрейли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 3-сектор ҳудудида жойлашган Ғиждувон тумани «Армечан» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Аёллар маслаҳат кенгашлари»ни тақдирлаш учун 50 миллион сўм миқдордаги махсус сертификатлар топширилди. 

Қувонарлиси, тадбир сўнгида вилоят ҳокими Ботир Зарипов шахсан вилоятда мавжуд «Аёллар маслаҳат кенгашлари» томонидан жойларда энг илғор ва самарали фаолият кўрсатган 10 та жамоат кенгашига йил якунида 50 млн сўмдан жами 500 млн сўм миқдордаги рағбатлантириш бериш ташаббуси билан чиқди.

Маълумот ўринда: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2021 йил 5 мартдаги ПҚ­-5020-сон қарори билан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши  ҳамда унинг таркиби тасдиқланиб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилган эди.

Бу борада Бухоро вилоятида жойлашган 544 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳам ҳар бирида жами 544 та «Аёллар маслаҳат кенгашлари» ташкил этилиб, ўз фаолиятини юритмоқда.

Text to speech