15 Апрел 2021 йил 543

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев Бухоро шаҳар ҳуқуқ-тартибот масканлари профилактика инспекторлари билан юзма-юз мулоқот қилди.

Айтиш жоизки, Бухоро шаҳри криминоген вазияти оғир ҳудуд сифатида қизил тоифага киритилган. Бир мунча жиноятлар кўп содир этилган вилоят марказида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга масъул бўлган профилактика инспекторларидан чуқур касбий билим ва маҳорат, тажриба ва кўникмаларнинг юқори бўлишини талаб этади.

Шу боис бугун Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, тааллуқли соҳавий хизмат раҳбарлари ва Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбар ходимлари иштирокида, Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П. Бобожонов ҳамда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Д. Қодиров раислигида жорий йилнинг 26 март куни ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида шаҳарда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари билан юзма-юз мулоқот қилди.

Конструктив тарзда ўтган мулоқотда, бошқарма бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 март кунидаги "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг мазмун-моҳиятини ҳар бир профилактика инспекторига яна бир бор тушунтириб, маҳаллаларда “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизимини жорий қилишнинг механизмлари бўйича фикрлар алмашинилди.

Ёш профилактика инспекторларига ва устозлик мақомида бўлган катта профилактика инспекторларига зарурий кўрсатма ҳамда тавсиялар берилди.

Самимий ва очиқ суҳбат давомида полковник Шуҳрат Алиев бугунги кунда ёш профилактика инспекторларининг касбий кўникмаларини шакллантиришда устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш, тизим ходимлари зиммасидаги вазифалар, уларни амалга оширишнинг механизмларини бирма-бир етказиб, давлат раҳбари томонидан билдирилган ишонч ва эътибордан хулоса қилган ҳолда, хизмат фаолиятини янги босқичга кўтариш лозимлиги, кундалик бериладиган топшириқ ва кўрсатмалар юзасидан ижрочилик, хизмат интизоми ва қонун талабларига оғишмай амал қилиш, хизмат ҳудудида обрў ва эътиборга сазовор бўлиш учун астойдил меҳнат қилиб, аҳолининг ишончини қозонадиган бўлсалар, фуқароларимизнинг ички ишлар органлари ва давлатдан рози бўлишларига эришиш мумкинлигини таъкидлади ва профилактика инспекторларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглади.

Йиғилиш якунида ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинида хизмат қилаётган профилактика инспекторларининг билдирган фикр ҳамда таклифларидан келиб чиқиб, шунингдек, ходимларнинг хизмат ва турмуш шароитларини яхшилаш юзасидан манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Text to speech