Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиевнинг профилактика инспекторлари билан навбатдаги учрашувлари Пешку ва Ромитан туманларида ўтказилди
Аввал хабар берганимиздек, Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П. Бобожонов ҳамда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Д. Қодиров раислигида 26 март куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев барча шаҳар ва туман ички шлар органларида хизмат қилаётган профилактика инспекторлари билан юзма-юз учрашиб келмоқда.
Учрашувларда асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 март кунидаги "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг мазмун-моҳияти яна бир бор тушунтирилиб, маҳаллаларда “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида ишлаш тизими бўйича тавсиялар берилмоқда.
Бугун ҳам вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳрат Алиев, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари полковник Қ.Ботиров, подполковник Ж. Болтаев ва Ўз хавфсизлик бошқармаси вилоят бўйича бўлими бошлиғи подполковник Ж.Тўраевлар билан биргаликда Пешку ва Ромитан туманлари профилактика инспекторлари билан очиқ мулоқот ўтказишди.
Полковник Шуҳрат Алиев ҳар бир профилактика инспектори билан самимий мулоқот қилиб, бугунги кунда ёш профилактика инспекторларининг касбий кўникмаларини шакллантиришда устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш, тизим ходимлари зиммасидаги вазифалар, уларни амалга оширишнинг механизмларини бирма-бир тушунтириб, давлат раҳбари томонидан билдирилган ишонч ва эътибордан хулоса қилган ҳолда, хизмат фаолиятини янги босқичга кўтариш лозимлиги, бунда берилган топшириқ ва кўрсатмалар юзасидан ижрочилик, хизмат интизоми ва қонун талабларига оғишмай амал қилиш, фуқароларнинг дарду ташвиши билан яшаб, ўз хизмат ҳудудида обрў ва эътиборга сазовор бўлиш, шу орқали фуқароларимизнинг ички ишлар органлари ва давлатдан рози бўлишига эришиш мумкинлигини таъкидлаб, профилактика инспекторларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглади.