16 Апрел 2021 йил 529

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиевнинг профилактика инспекторлари билан “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиз” шиори остида навбатдаги учрашувлари Олот ҳамда Қоракўл туман ИИБларида ўтказилди.

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳамда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Дониёр Қодиров раислигида 26 март куни Ички ишлар вазирлигидан туриб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Ҳасанович Алиев барча шаҳар ва туман ички шлар органларига бориб, ички ишлар органларининг энг қуйи тизими, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари билан учрашиб, ҳар бир ходим билан яқиндан мулоқот қилаётганлигини маълум қилиб бораётган эдик.

Жорий йилнинг 16 апрель куни ҳам Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят ИИБ тааллуқли соҳавий хизматлари раҳбарлари билан биргаликда вилоятнинг энг чекка ҳудуди, Ўзбекистоннинг кириш дарвозаларидан бири ҳисобланган Олот ҳамда Қоракўл туманларига ташриф буюриб, ҳар иккала Ички ишлар бўлимида ушбу чегара туманларда хизмат олиб бораётган Ички ишлар бўлимлари раҳбарлари иштирокида ҳар бир профилактика инспектори билан юзма-юз учрашиб, самимий мулоқот қилди.

Учрашувларда асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 март кунидаги "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг мазмун-моҳиятини яна бир бор тушунтириб, маҳаллаларда “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида ишлаш тизимини жорий қилиш юзасидан профилактика инспекторларининг фикр ҳамда таклифлари, кундалик хизмат олиб бориш жараёнида дуч келаётган муаммо ва қийинчиликлари билан танишди.

Полковник Шуҳрат Алиев ҳар бир профилактика инспектори билан самимий мулоқот қилиб, бугунги кунда ёш профилактика инспекторларининг касбий кўникмаларини шакллантиришда устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш, тизим ходимлари зиммасидаги вазифалар, уларни амалга оширишнинг механизмларини бирма-бир тушунтириб, Президентимиз томонидан билдирилган юксак ишонч ва эътибордан хулоса қилиб, хизмат фаолиятини янги босқичга кўтариш лозимлиги, бунда кундалик берилган топшириқ ва кўрсатмалар юзасидан ижрочилик, хизмат интизоми ва қонун талабларига оғишмай амал қилиш, фуқароларнинг дарду ташвиши билан яшаб, ўз хизмат ҳудудида обрў ва эътиборга сазовор бўлиш, шу орқали фуқароларимизнинг ички ишлар органлари ва давлатдан рози бўлишига эришиш мумкинлигини таъкидлади.

Йиғилишлар  якунида профилактика инспекторлари томонидан билдирилган фикр ҳамда таклифлардан келиб чиқиб, шунингдек, профилактика инспекторлари учун муносиб хизмат ҳамда турмуш шароитларини яратиш юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда ушбу туманлар Ички ишлар бўлимлари раҳбар ходимларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар бериб, ижроси алоҳида назоратга олинди.

Text to speech