Ички ишлар органлари тизимида профессионал кадрлар тайёрланмоқда
Маълумки, жамоат хавфсизлигини таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда, энг чекка қишлоқни ҳам жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, аҳолига юқори профессионал хизмат кўрсатиш учун ҳар бир маҳаллада изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 30 ноябрь кунидаги 223-сонли “Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг юридик йўналишдаги билимларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, профилактика инспекторларини тайёрлашда бир қатор имтиёзлар ажратилган бўлиб, жорий йилда 100 нафар, кейинги йилдан бошлаб ҳар йили 200 нафар профилактика инспектори учун фуқаролик олийгоҳларида сиртқи шаклда юридик таълимни олиш имконияти яратиш белгиланган эди.
Қарорга кўра, 2022-2023 ўқув йилидан ички ишлар органларида 3 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган, касбига фидойи, ташаббускор профилактика инспекторлари Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонларисиз сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Жорий 2022 йил 1 майгача 100 нафар профилактика катта инспекторларига тавсиянома берилиши назарда тутилган.
Бунда профилактика инспекторларига ўқишга тавсияномалар бериш учун махсус комиссия ташкил этилиб, номзодлар тест имтиҳонларидан ўтказилди. Республика бўйича 432 нафар профилактика инспекторлари орасида танлов ўтказилиб, хизмат фаолияти давомида ижобий тавсифланган ходимлардан умумий билим даражаси ва ҳуқуқ назарияси асослари бўйича тест қабул қилинди.
Республика ишчи гуруҳи масъуллари иштирокида ўтказилган бугунги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновлар томонидан ушбу тест синовларидан муваффақиятли ўтган Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларининг жами 25 нафар профилактика инспекторига олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тавсияномалар тантанали равишда топширилди.
Тавсияномага эга бўлган профилактика инспекторлари ОТМнинг сиртқи таълим шаклига тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари ўқишга қабул қилиниши назарда тутилган бўлиб, бунда контракт маблағлари Ички ишлар вазирлиги бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади. Шу билан бирга, ОТМда ўқиган битирувчиларга ички ишлар органларида камида 5 йил хизмат ўтаб бериш мажбурияти юклатилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан профилактика инспекторларининг хизмат олиб бориш, таълим олиш ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича яратиб бераётган имтиёзларига жавобан ҳар бир ходимдан ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиб, уларнинг розилигини олиш йўлида бор куч-ғайрати, билимларини ишга солиш кераклиги масъуллар томонидан таъкидлаб ўтилди.