Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Яхёжон Артикбоевич Абдулхаков Бухоро вилояти Ички ишлар органларида мавжуд махсус тергов хоналари, сўровхоналар ва тергов бўлим ҳамда бўлинмалари фаолияти билан яқиндан танишди.
Жорий йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев ҳамда Ички ишлар вазирининг ўринбосари Тергов департаменти бошлиғи Яхёжон Абдулхаковлар бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар, жиноятларни фош этиш, тергов сифатини яхшилаш, “Электрон жиноий ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизими ва “Е-material” электрон тизими билан ишлаш, ушбу соҳада юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бухоро вилоятига келиб иш бошлади.
Жараёнда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Яхёжон Абдулхаков ҳудудларда бўлиб, ИИВнинг 2020 йил 16 июндаги “Ички ишлар органлари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш тўғрисида”ги Фармойиши ижроси бўйича, Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи тергов бўлим ҳамда бўлинмалари фаолияти, ички ишлар органларида ташкил этилган махсус тергов хоналари, сўровхоналар аҳволини ўрганди.
Жумладан, Бухоро шаҳар Ички ишчи ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, Бухоро, Олот, Қоракўл ва Ромитан туманларида ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, суриштирувчи ва терговчиларнинг юритувидаги терговга қадар текширув ҳужжатлари ҳамда жиноят ишлари, хизмат хоналарига ўрнатилган аудио ва видеокузатув камераларининг ишлаш аҳволи, махсус тергов хоналари, сўровхоналар, тергов бўлинмаларида ташкил қилинган адвокатлар хонаси билан яқиндан танишиб, келгусида хизмат фаолиятини янада яхшилаш ҳамда тергов сифатини янада ошириш бўйича бир қатор манзилли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Шунингдек, Бухоро вилояти ИИБ мажлислар залида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Б.Валиев иштирокида Бош прокуратуранинг Жиноий-ҳуқуқий статистика бошқармаси бошлиғи Л.Т.Қаландаров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 октябрдаги №ПФ-5566-сонли ва 2020 йил 10 августдаги №ПФ-6041-сонли Фармонлари ижросини таъминлаш жараёнида ходимлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳамда “Электрон жиноий ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизими ва “Е-material” электрон тизими билан ишлаш, шунингдек ушбу соҳада юзага келаётган муаммолар тўғрисида ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
Вазир ўринбосари полковник Я.А.Абдулхаков томонидан Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг иш фаолиятининг ўрганиш ишлари давом этмоқда.