Ғиждувон туманида бир гуруҳ оғуфурушлар қўлга олинди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг тегишли Фармойишига мувофиқ, ҳудудларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, эгаллаш, тайёрлаш, олиш, сақлаш ҳамда бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни ўтказиш, истеъмол қилишга жалб этиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатларни аниқлаш борасида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда кенг кўламли махсус, тезкор ва профилактик тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, туманнинг Чағдари маҳалласида яшовчи, 1956 йилда туғилган нафақахўр С.Б. қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, Лабирўт қишлоғи ҳудудида фуқаро А.Н. га 10 дона “СПИЧКИ” ёзувли гугурт қутиларга солиб, алоҳида қадоқланган, соф вазни 27,24 (йигирма етти бутун юздан йигирма тўрт) граммга тенг бўлган, кўп миқдордаги «Марихуана» гиёҳвандлик воситаларини нақд 6.500.000 сўм эвазига сотаётган вақтида қўлга олинди.
Гумон қилинувчи С.Б. билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у мазкур гиёҳвандлик моддаларини Ғиждувон тумани Оқгул маҳалласида истиқомат қилувчи А.Р. исмли танишидан олганлигини билдирган. С.Б.нинг берган кўрсатмалари асосида, фуқаро А.Р. билан олиб борилган кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида унинг уйидан 10 дона гугурт қутига солиб қадоқланган, Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра соф вазни 26,3 граммга тенг бўлган “Марихуанна” гиёҳвандлик моддалари аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилди.
Гап шундаки, мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилганда, А.Р. уйидан топилган гиёҳвандлик моддаларини қариндоши Ғиждувон тумани Оқгул маҳалласида яшовчи, 1968 йилда туғилган Ж.Б. исмли шахсдан келгусида сотиб бериш мақсадида олганлигини билдирган.
Фуқаро А.Р. нинг берган кўрсатмаси асосида, унинг қариндоши Ж.Б.нинг яшаш хонадонида кечиктириб бўлмас тинтув тергов ҳаракатлари ўтказиш учун борилганда, Ж.Б.нинг турмуш ўртоғи томонидан 400 дона гугурт қутиларга солиб қадоқланган гиёҳвандлик моддалари тандирда ёқиб юборилаётганлиги аниқланиб, тезкорлик билан олов ўчирилган ва ёнишдан сақлаб қолинган 120 дона гугурт қутиларга жойланган, Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра соф вазни 371 граммга тенг бўлган “Марихуанна” гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил сифатида хужжатлаштирилиб олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда гумон қилинувчилар С.Б., А.Р., ва Ж.Б. ларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.