5 Март 2021 йил 637

Ғиждувон туманида ишга туширилган автоматлаштирилган ВИДЕОКУЗАТУВ МАРКАЗИ фаолияти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан ўрганилди

Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган Ички ишлар вазирлигининг ҳайъат йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Маҳалла-ислоҳотчи” тамойилларидан келиб чиқиб, вилоятнинг барча ҳудудларида “маҳаллабай” тизим асосида ишларни йўлга қўйиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, ҳудудларнинг криминоген вазиятини чуқур таҳлил қилган ҳолда туман ва шаҳарлар, ҳудудлар ва маҳаллаларни қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратиб,  криминоген вазияти оғир дея баҳоланган ҳудудлар бўйича алоҳида чора-тадбирларни белгилаш, бунда иш натижадорлигига эришиш ва тизим фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган замонавий ахборот коммуникацион технологияларни кенг жорий қилиш борасидаги топшириқлари Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан алоҳида назоратга олиниб, ижроси таъминланмоқда.

Шу мақсадда Бухоро вилоятининг барча ҳудудларида содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар чуқур таҳлил қилиниб, криминоген вазияти оғир дея баҳоланган Бухоро шаҳар ва Ғиждувон туманлари алоҳида ажратиб олинди ва маҳаллабай йўл хариталари ҳамда чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ҳолда мазкур ҳудудларда жиноятларни жиловлашнинг янгича механизмлари жорий этилмоқда.

Жумладан, криминоген вазияти оғир ҳудуд сифатида баҳоланган Ғиждувон туманининг марказий кўчаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тирбандликларни бартараф этиш мақсадида, жорий йилнинг 3 март кунидан бошлаб туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида ВИДЕОКУЗАТУВ МАРКАЗИ фаолияти йўлга қўйилди.

Туманининг марказий кўчалари “Ю.Ҳамадоний” ва “Ғиждувон” ҳамда “Ю.Ҳамадоний” ва “21 аср” кўчалари кесишадиган чорраҳаларда онлайн тарзда йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото ва видео тарзида қайд этувчи камералар ўрнатилиб, ушбу видеокузатув мосламалари туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига интеграция қилинган.

Эндиликда ушбу видео камералар ҳайдовчилар томонидан содир қилинган амалдаги йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этиб, автоматик тарзда ягона автоматлаштирилган базага юборади.

Шунингдек туман ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча равишда 7 дона 3.27 йўл белгилари таъсир доирасида тўхтаб турган транспорт воситаларини қайд қилиб борувчи видео камералар ҳам ўрнатилиб, марказга интеграция қилинган ҳолда ўз иш фаолиятини бошлади.

Бугун, вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ташриф буюриб, видеокузатув маркази фаолияти, унинг имкониятлари, афзалликларини кўздан кечириб, ушбу марказ фаолиятини янада кенгайтириш, туман марказининг бошқа кўчалари, бозорлар ҳамда маҳаллаларда ўрнатилган видеокузатув мосламаларини ҳам ушбу марказга интеграция қилиш имкониятларини ўрганди.

Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, бошқарма бошлиғи марказ фаолиятини кенгайтириш борасида вилоят ҳамда туман мутасаддиларига аниқ ва манзилли топшириқлар берди.

Бу каби ахборот коммуникацион технологияларнинг тизимда жорий этилиши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашда инсон омилини камайтириб, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиш билан биргаликда, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт  олдини олишда қўл келади.

Text to speech