29 Май 2021 йил 534

Ғиждувон туманида содир бўлган “оғир тан жароҳати етказиш” жинояти вилоят Ички ишлар ва Халқ таълими бошқармалари бошлиқлари томонидан жиноят содир этилган Улфатбиби маҳалласида муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 25 май куни соат 21:00 ларда Ғиждувон тумани Улфатбиби маҳалласида яшовчи, 1985 йилда туғилган, умутаълим мактабининг ўқитувчиси Э.А., ўз уйи олдидан ўтган ички йўл ёқасида маҳалладоши 1993 йилда туғилган Я.С. билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида уйидан ошхона пичоғини олиб чиқиб Я.С. нинг чап қўлтиқ ости соҳасига бир маротаба уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Ҳодисада жабрланган Я.С. зудлик билан туман тиббиёт бўлимига қарашли тез тиббий ёрдам марказида олиб келиниб, кечиктириб бўлмас муолажалар қиланган ва ҳозирги кунда даволаш ишлари давом эттирилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Э.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан жиноят иши  қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 29 май куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева билан биргаликда, туман ҳокими, ИИОФМБ бошлиғи, 4-сон ички ишлар бўлими масъуллари ва бошқа тааллуқли идоралар мутасаддилари иштирокида, Улфатбиби маҳалласи раиси ва унинг ўринбосарлари, ушбу маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда мазкур оғир жиноятни муҳокама қилдилар.

Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, ушбу маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирлар жойига чиқиб ўрганилиб, муҳокама жараёнида маҳалла мутасаддилари ва ҳуқуқ тартибот маскани профилактика инспекторининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижадорлиги юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида мазкур маҳаллалар мутасаддилари, профилактика инспектори ва туман халқ таълими бўлими, маҳалладаги умумтаълим мактабининг ҳамкорликдаги ишлари етарли эмас деб топилиб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди ва сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар раҳбарлари, айниқса туман Халқ таълими бўлими ва маҳалла мутасаддилари қаттиқ огоҳлантирилди.

Муҳокама якунида бошқарма бошлиғи Шухрат Алиев ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилаш, “Маҳаллабай”, “Хонадонбай” ва “Фуқаробай” иш тартибини янада жадаллаштириш, бунда аниқ йўналишларни белгилаб олган ҳолда ишлаш лозимилиги, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими бўйича кенг кўламли профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш борасида сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар бериб, бунда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, айниқса маҳалла фаолларини кенг жалб этиш лозимлиги таъкидлади.

Шунингдек, мазкур жиноятни туманда ва қолаверса вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида фаолият олиб бораётган умумтаълим ўрта мактаблари, коллеж, техникумлар ва олий таълим муассасаларининг меҳнат жамоалари ўртасида кенг муҳокама қилиш борасида ҳам алоҳида топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.

Text to speech