Ғиждувон туманида жабрланувчининг 70 миллион сўмдан ортиқ пулларини қўлга киритган устомон товламачи қиз қўлга олинди
Гап шундаги, Ғиждувон тумани Қорахони қишлоғида яшовчи 42 ёшли фуқаро, туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига мурожаат қилиб, ўз мурожаатида Бухоро шаҳарлик қиз иккаласи ўртасидаги сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни оммага, айниқса унинг оила аъзоларига ошкор қилиш билан қўрқитиб, бир қанча вақтдан буён пул ва бошқа моддий қимматликлар талаб қилиб олиб келаётганлиги, ҳозирги кунда ҳам 3,5 миллион сўм пулларни беришни талаб қилиб турганлиги ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур мурожаат батафсил ўрганилиб, шу асосда Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, 2019 йилнинг май ойи охирларидан 2020 йил декабрь ойи ўрталарига қадар бўлган вақт оралиғида, Бухоро шаҳар Алпомиш кўчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган Г.С., ўзига олдиндан таниш бўлган, Ғиждувон тумани Қорахони қишлоғида яшовчи, 1978 йилда туғилган А.Р. исмли мурожаат муаллифининг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини омма ва айниқса унинг оила аъзоларига ошкор қилиш билан қўрқитиб, мол-мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиб, бўлиб-бўлиб жами 71.000.000 (етмиш бир миллион) сўм пулларини қўлга киритган ҳолда, яна пул талаб қилиб, 2020 йил 16 декабрь куни туманнинг Памўза маҳалласи Ю.Ҳамадоний кўчасида жойлашган “БЕК” ресторани яқинида жабрланувчидан талаб қилинган 3.500.000 сўм пуллардан кимёвий ишлов берилган 3.000.000 (уч миллион) сўм пулларни товламачилик йўли билан олаётган вақтда ашёвий далилар билан қўлга олинди.
Ушбу ҳолат юзасидан туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Г.С. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 165-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.