23 Июл 2022 йил 5727

Ижтимоий тармоқларда “60 градусда чақалоқ буғдойзорга ташлаб кетилибди” сарлавҳали мурожаат юзасидан расмий маълумот

Бугун, 23 июль куни ижтимоий тармоқларда “60 градусда Чақалоқ буғдойзорга ташлаб кетилибди, Бухоро, Ғиждувон, "Шукур тўхта" фермер хўжалигини ерларидан топиб олинибди. Ҳолат ҳақида маълумот йўқ. РАСМИЙ МУНОСАБАТ КУТИБ ҚОЛАМИЗ” сарлавҳаси остида расмли мурожаат тарқади.

Ушбу мурожаат Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда аниқланишича, 2022 йилнинг 22 июль куни соат 16:07 да вилоят ИИБнинг “102” автоматлаштирилган тизимига Ғиждувон тумани Кўлижаббор МФЙ Кўхна Найман қишлоғида жойлашган “Шукур Тўхта” фермер хўжалигининг дала майдони ёқасидаги (капа) шийпонда шахси аниқ бўлмаган тахминан 9 ойлик бола топиб олиниб, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Мазкур хабар Ғиждувон тумани ИИБ Навбатчилик қисмида қайд қилиниб, тезкор тергов гуруҳи томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилган ва кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Ҳозирги кунда ушбу шахси аниқ бўлмаган тахминан 9 ойлик бола Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси болаларни соғломлаштириш бўлимида шифокорлар назоратига олинган бўлиб, ҳолат юзасидан Ғиждувон туман Ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Терговга қадар текширув ҳаракатларининг якуни юзасидан қўшимча маълумот берилади.

Text to speech