10 Май 2021 йил 991

Ижтимоий тармоқларда “Бухорода безорилик қилиб юрган уюшмаган ёшлар тўдаси пайдо бўлганлиги ва уларга нисбатан шикоят аризаси қолдирилишига қарамай Бухоро шаҳар ИИБ томонидан ҳанузгача қонуний чора кўрилмаганлиги айтилмоқда” сарлавҳаси остида эълон қилинган мурожаат юзасидан расмий муносабат.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мурожаат ва унга илова қилинган видеолавҳалар Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда аниқланишича,  мазкур ҳолат жорий йилнинг 6 май куни Бухоро шаҳар “Алпомиш” ва “Турди Фароғий” кўчаларининг кесишмасида содир бўлган.

Ҳолат юзасидан келиб тушган хабар Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-сон ички ишлар бўлими навбатчилик қисмидаги Шакл 2 китобига 2021 йил 6 май куни 511/2121 рақам билан қайд қилинган бўлиб, жабрланувчилардан тегишли тартибда ариза ва тушунтириш хатлари олинган ҳолда, уларга етказилган тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертизасидан ўтказилган.

Вилоят Ички ишлар бошқармасининг назорати остида мазкур ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Суриштирув натижалари юзасидан қўшимча маълумот тақдим қилинади.

Text to speech