Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган 3-сектор ҳудудига қарашли Бухоро шаҳар Алпомиш кўчасида яшовчи 61 ёшли фуқаро Матлуба Шукурова томонидан йўлланган видео мурожаат жойига чиқиб ўрганилди.
1939 йилда туғилган турмуш ўртоғи Н.Шукуров, ўғли, келини ва 4 нафар невараси билан умумий ётоқхонанинг 18 квадрат метр майдондаги хонадонида бирга яшаб келаётган аёл уйга эҳтиёжи борлигини маълум қилган.
Мазкур мурожаат юзасидан, вилоят 3-сектор ҳамда ҳокимлик мутасаддилари бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, мурожаат яқиндан ўрганилди.
Шаҳарнинг «Олим Хўжаев» маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўрганиш ишлари олиб борилганда аниқланишича, 4 нафар фарзанднинг ҳар бирига давлат томонидан мазкур кўп қаватли умумий ётоқхонадан алоҳида-алоҳида 1 ва 2 хонали хонадонлар ажратиб берилгани, шунингдек, мурожаат йўллаган Матлуба аянинг 4 нафар фарзандлари Нарзулло, Насилло, Нозим ва Дилшод Шукуровлар истиқомат қилаётган хонадонлар бир оиланинг яшаши учун зарур бўлган имконият етарли даражада эканлиги, барча турдаги замонавий моддий техник таминотига эгалиги, турмуш тарзи яхши эканлиги маълум бўлди.
Мурожаатчи билан суҳбат давомида кексаликнинг инжиқлиги даврида ўғиллари ва оиласи билан яшашга қийналаётганлиги, турмуш ўртоғининг саломатлигида мавжуд муаммолар туфайли алоҳида яшаш истаги борлиги, аммо, айни вақтда бунга имкони бўлмагани боис масъуллардан кўмак сўраганини маълум қилди.
Ишчи-гуруҳ томонидан мурожаат батафсил ўрганиб чиқилгач, Матлуба аяга руҳий ва маънавий тушунтириш ишлари олиб борилди. Қолаверса, вилоят ИИБ вакиллари томонидан мазкур оилаларда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари олдини олиш борасида алоҳида профилактик тарғибот ишлари олиб борилиб ва тушунтиришлар берилди.
Мурожаатчи ва унинг турмуш ўртоғига мавжуд имкониятдан келиб чиққан ҳолда умумий ётоқхоналардан алоҳида яна бир хона вақтинча ажратилиб бериладиган бўлди.