24 Март 2021 йил 716

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган А-380 автомобиль йўлининг Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси бўйича “Ўғлимни ўлдирганлар жазосини олсин, машинада босиб ўлдиришди ифлослар...Хоразмда тарқалга видео” сарлавҳаси остидаги видеомурожаат юзасидан расмий маълумот

Мазкур видеомурожаат Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда аниқланишича, жорий йилнинг 17 февраль куни кечқурун соат 21:30 ларда Х.Ф. исмли фуқаро ўзининг бошқарувида бўлган “ОROLGASTROYTRANSSERVIS МЧЖга қарашли “Камаз 5410” русумли 90 723 QA давлат рақамли автомашинасини Жондор тумани “Луқмон” МФЙ Газли чўл ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўли бўйлаб, “Бухоро-Хоразм” йўналиши томон бошқариб бораётганида, мазкур йўлнинг 365-километрига етганида, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 77-банди талабларини бузиб, йўл ёқасида тўхтаб турган С.С. бошқарувидаги Камаз 53212 русумли 90 F 910 FA давлат рақамли автомашинанинг орқа томонига бориб урилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир қилган.

Натижада, Камаз 53212 русумли 90 F 910 FA давлат рақамли автомашинаси ҳайдовчиси С.С. “оғир” тан жарохати олиб вафот этган. Камаз русумли автомашинаси олдида бўлган жабрланувчининг шериги С.Ш. ва “Камаз 5410” русумли 90 723 QA давлат рақамли автомашина хайдовчиси Х.Ф.лар тан жароҳати олиб касалхонага мурожаат қилган.

Ҳодиса содир бўлган жой Жондор туман ИИБ тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган ва вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан Х.Ф.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд тиббий, судга оид автотехника ва изшунослик экспертизалари ўтказилиши таъминланган.

Жиноят иши бўйича Х.Ф. бошқарувида бўлган “Камаз 5410” русумли 90 723 QA давлат рақамли автомашина ва С.С. бошқарувидаги Камаз 53212 русумли 90 F 910 FA давлат рақамли автомашиналари Бухоро вилояти Консультация эксперт баҳолаш МЧЖ томонидан баҳоланган.

Жиноят иши бўйича гумон қилинувчи Х.Ф. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи юзасидан Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига илтимоснома киритилган.

Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ўрганиш давомида мазкур автотранспорт ҳодисасини расмийлаштириш ва қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб боришда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қонун ёки хизмат интизоми бузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаганлиги маълум бўлди.

Text to speech