Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеолавҳа юзасидан расмий муносабат.
Жорий йилнинг 22 июнь куни Ижтимоий тармоқларда “Бухоро вилояти Пешку туманидан мурожаат қиляпман. Тадбиркорман. Пешку тумани ИИБ бошлиғи менга ва оила аъзоларимга адовати борлиги сабабли савдо дўконимизга доимий равишда ИИБ ходимларини юбориб куч ишлатиб, тазйиқ ўтказиб келмоқда. Илтимос, бизни тадбиркорлик фаолиятимизга халал бераётган ИИБ ходимларидан халос қилинг!” сарлавҳаси остида эълон қилинган видеолавҳа Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда қуйидагилар аниқланди.
Жорий йилниг 10 май куни туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори Ш.Қ. туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бўлим бошлиғи Н.В. билан биргаликда Қучоқ маҳалласи ҳудудидаги йўл иншоотларини кўздан кечириб юрган вақтида, шу ҳудудда жойлашган савдо дўкони олдида, йўл ёқасида, давлат рақам белгисиз ВАЗ-2107 русумли автомашинани кўриб қолиб, ушбу автомашинанинг кимга тегишли эканлиги, автомашина тегишли ҳужжатлари ва давлат рақам белгисининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, давлат рўйхатидан ўтган ўтмаганлигини текшириш мақсадида савдо дўкони олдида тўхтаб суриштирган.
Савдо дўконидан ўзини П.Н. деб таништирган фуқаро чиқиб, автомашинанинг укаси П.Қ.га тегишли эканлигини, тегишли ҳужжатлар ва давлат рақам белгиси савдо дўконидан тахминан 800-1000 метр масофада жойлашган яшаш уйида эканлигини, автомашина ҳаракатланмаётганлиги сабабли тегишли ҳужжатларни кўрсатмаслигини айтиб ички ишлар органи ходимининг қонуний талабини бажармаган.
Шу вақтда бу жараёнга унинг укаси П.Қ. ҳам аралашиб, ака-укалар ЙҲХГ инспектори Ш.Қ.га қўпол муомалада бўлиб, унинг қонуний талабларини бажаришдан қасддан бўйин товлаб, фаол қаршилик кўрсатиб, автомашина ҳужжатлари ва давлат рақам белгисини кўрсатишни қатъиян рад этганлар.
Шундан сўнг, ЙҲХГ катта инспектори юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида, туман ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосарига телефон қилиб ёрдам сўраган.
Туман ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари бошчилигидаги гуруҳ ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида “Қучоқ” маҳалласида жойлашган ушбу савдо дўконига етиб келишган. Бошлиқнинг 1-ўринбосари ўзини таништириб, тортишув сабабларига аниқлик киритгандан сўнг ака-ука П.Н. ва П.Қ. лардан автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар ва давлат рақам белгисини тақдим этишни, ҳужжатларни кўриб, бирор-бир қонунбузарлик аниқланмаган тақдирда қайтариб беришни тушунтирган бўлсада, аввалига улар ҳужжатларни тақдим қилишдан қатъий бўйин товлаганлар.
Мазкур жараёнга шу атрофдаги бошқа савдо дўконларида савдо қилиб турган бошқа қариндошлар ҳам аралашиб, ҳолатга аниқлик киритиш учун борган ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига қатъий қаршилик кўрсатиб, жараённи видеотасвирга олганлар.
Туман ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари томонидан қонун талаблари қайта-қайта тушунтирилганидан сўнггина, ака-ука П.Н. ва П.Қ.лар ВАЗ-2107 русумли автомашина ҳужжатлари ва давлат рақам белгисини Қучоқ қишлоғидаги яшаш уйларидан жияни орқали олиб келиб тақдим қилганлар.
ИИБ ходимлари автомашинанинг тегишли ҳужжатлари ва давлат рақам белгиси борлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг, автомашина давлат рақам белгисини тақиб юриши лозимлигини тушинтириб, тегишли профилактик огоҳлантирув ҳаракатларини ўтказган ҳолда хизмат вазифаларини давом эттириш учун хизмат жойига кетганлар.
Мазкур жараёнлар ёзиб олинган видеотасвирлар жорий йилнинг 22 июнь куни ижтимоий тармоқнинг “BUXARA.NEWS” каналида ўзгача талқин қилиниб, гўёки ИИБ ходимлари уларнинг тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган мазмунда эълон қилинган.
Мазкур ҳолатда Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан П.Н. ва П.Қ.ларнинг тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва бошқа ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилмаган.
Видеомурожаатдаги ҳолатлар юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ҳамда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.