Ижтимоий тармоқларда “ГАИ БИЛАН ЖАНЖАЛ БЎЛИБ КЕТДИ. МАШИНА ШТРАФНОЙГА КЕТДИ” сарлавҳаси остидаги видеолавҳа юзасидан расмий муносабат
Мазкур видеолавҳа Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда аниқланишича, Бухоро вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи томонидан тасдиқланган ЙПХ инспекторларини хизматга жалб қилиш қайдномасига асосан 2021 йил 10 апрель куни ушбу ЙПХ ходими Бухоро шаҳар И.Каримов ва Ҳофиз Таниш Бухорий кўчалари кесишмасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ходисаларини олдини олиш мақсадида хизматга жалб қилинган.
Ушбу ҳолат шу куни тахминан соат 11:30 да Бухоро шаҳар И.Каримов ва Ҳофиз Таниш Бухорий кўчалари кесишмасида содир бўлиб, ЙПХ инспектори “Ласетти” русумли 80N210QA давлат рақам белгили транспорт воситасини автомашинага тегишли ва бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини текшириш мақсадида тўхтатганлиги, ҳужжатларни текшириш давомида ҳайдовчи А.С.нинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ёнида бўлмаганлиги ва автомашинанинг олд ён ойналари ёруғлик ўтказувчанлиги “Тоник” қурилмасида текширилганда ҳужжатда белгиланган меъёрдан ортиқ эканлиги, яъни 10% ёруғлик ўтказаётганлиги аниқланган.
Шунга кўра, ЙПХ инспектори ҳайдовчи А.С.га нисбатан “Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг” 7-банди ва 3-илова 7.4 бандига асосан маъмурий баённома расмийлаштириб транспорт воситасини тегишли тартибда вақтинча сақлаб туриш учун жарима майдончасига жойлаштирмоқчи бўлганида, ЙПХ инспекторининг ҳаракатлари ушбу ҳайдовчи ва унинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб келган бошқа бир фуқаро томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган.
Ушбу видеотасвир ўрганилганида, ЙПХ инспектори хизмат олиб бориш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳамда меъёрий ҳужжатлари, Ички ишлар вазирлигининг буйруқ, Йўриқнома ҳамда кўрсатмалари талаблари асосида иш олиб борганлиги, ҳеч қандай қонун бузилиш ёки хизмат интизомини бузиш ҳолатларига йўл қўймаганлиги, шунингдек, фуқаро билан одоб-ахлоқ доирасида муомала қилганлиги акс этган.
Аксинча, ҳайдовчи А.С. ЙПХ инспекторини ҳақорат қилиб, унинг қонуний талабларига бўйсинмаган.
Ҳозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда, текширув давомида ҳар иккала томоннинг ҳатти ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилади.