Ижтимоий тармоқларда “Мажбурият юзасидан кўчада доллар айирбошлаган фуқарони валютафурушликда айблаш тўғрими” сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро вилоят бошқармасининг маълумотига кўра, ушбу мурожаат тизим масъул ходимлари томонидан ўрганилган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, мамлакат ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат ваколатли банклар орқали амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ушбу тартибга зид равишда валюта қимматликларини банк муассасаси ёки унинг шаҳобчаларидан ташқарида айирбошлаш маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Бу борада, Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида мунтазам равишда тезкор тадбирлар ўтказилиб, қонунбузарларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги принципи таъминланиб келмоқда.
Хабарда таъкидланган шахси номаълум фуқаро якшанба куни валюта айирбошлаш шахобчалари ишламаётганлигини билдирган.
Ваҳоланки, Бухоро вилоятида 79 та, Бухоро шаҳрининг ўзида 48 та хорижий валюта айирбошлаш банкоматлари 7/24 режимида узлуксиз ишлаб келмоқда. Айнан хабарда қайд этилган жойдан 500 метр радиус оралиғида 5 та, 100 метр оралиғида эса 1 та банкомат аҳолига узлуксиз хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритишнинг олдини олиш борасида, ижтимоий тармоқ платформалари, расмий веб сайтлар ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам равишда махсус видео роликлар, брифинг ва мурожаатномалар орқали тарғибот ва ташвиқот ишлари намойиш этиб келинмоқда.
Ҳурматли юртдошлар, вилоятимиз фуқаролари!
Валюта қимматликлари билан ноқонуний муомала қилманг, чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат ваколатли банк муассасалари ва уларнинг валюта айирбошлаш шахобчалари орқали амалга оширилишини унутманг.