Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистондаги энг ёмон иллатлардан бири – салгина мансаб тегса, ўзидан кетиш” сарлавҳаси остида эълон қилинган видеолавҳа юзасидан расмий муносабат.
2021 йил 2 август куни ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистондаги энг ёмон иллатлардан бири – салгина мансаб тегса, ўзидан кетиш. Дўстим билан бўлган ҳолат Бухоро шаҳрида. Шу Ласетти машинасини ҳайдаётганлар ҳам органда ишларкан. Нексия ҳайдовчиси ўзи шифохонага шошаётган бўлган. Ласеттига йўл бермаганидан кейин, улар олдинга ўтиб олиб, машинани тўхтатиб икки киши бўлиб Нексия ҳайдовчисига куч ишлатишган. Айтишларича Ласеттидаги инсонлардан бири Миллий Гвардияда ҳайдовчи, иккинчиси ички ишларда ишлар экан. Машинасида мигалка ҳам ўрнатилган. Бу қонунийми ўзи?” сарлавҳаси остида 26 сонияли видеолавҳа ва изоҳ жойлаштирилган.
Ушбу видеолавҳадаги ҳолат Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда аниқланишича, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ таъминлаш ва хизмат кўрсатиш бўлинмаси ҳайдовчи-ходими сержант Л.Х. 2021 йил 24 июль куни соат 13.30да ўзига тегишли бўлган “Ласетти” русумли, 80О044GA давлат рақамли автомашинани Бухоро шаҳар И.Каримов кўчаси бўйлаб бошқариб бораётганида, унинг бошқарувида бўлган автомашина билан бир йўналишда олд томонидан ҳаракатланиб бораётган “Нексия-3” русумли (автомашина давлат рақам белгиси ҳамда ҳайдовчининг шахси аниқ эмас) автомашинага уни қувиб ўтиши учун имкон бермаганлиги, сержант Л.Х. нинг автомашинасида ўғли, Миллий Гвардия Бухоро вилояти бошқармаси ходими Л.М. йўловчи сифатида кетаётганлиги аниқланди.
Ҳодиса содир бўлган вақтда сержант Л.Х. хизматдан ташқари вақтда, фуқаролик кийимида бўлган.
Бундан ташқари, “Ласетти” русумли, 80О044GA давлат рақамли автомашинасини кўздан кечириш жараёнида, автомашинага чироқ-маёқчаси “мигалка” ўрнатилмаганлиги, аммо ишлаб чиқарган корхона томонидан кўзда тутилмаган оқ рангда ёнувчи чироқ ўрнатилганлиги аниқланди.
Сержант Л.Х. га нисбатан “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 83-бандида назарда тутилган, қувиб ўтиш қоидалари ҳамда 7.8-бандида назарда тутилган автомашинани ишлаб чиқарган корхона томонидан кўзда тутилмаган ёритгичлар рухсатсиз ўрнатганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Видеомурожаатда келтирилган бошқа ҳолатлар юзасидан ушбу ходимга нисбатан Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Текширув натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилади.