Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган “БЛОГЕР ГАИГА ТУШДИ..” сарлавҳаси остидаги видеолавҳа юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ...
2021 йил 20 май куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “БЛОГЕР ГАИГА ТУШДИ..” сарлавҳаси остидаги видеолавҳа Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, Бухоро вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи томонидан тасдиқланган ЙПХ инспекторларининг хизматга жалб қилиш қайдномаси (дислокация) асосида 2021 йил 19 май куни ЙПХ инспектори сафдор Т.Х. Бухоро вилояти Ғиждувон тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган “М-37 автомобиль йўли” нинг 212-км.да жойлашган Навоий ва Бухоро вилоятларини ўзаро боғловчи “Сармижон” мунтазам ЙПХ масканида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш бўйича хизматга жалб қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 май кунидаги “Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” 377-сонли Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси бўйлаб жами 59 та, шу жумладан 29 та йўл-патруль хизмати стационар постлари, 30 та патруль-пост хизмати постлари (блок-постлар ва тўсиқ постлар) нинг фаолиятини давом эттириш белгиланган бўлиб, фаолиятини давом эттирадиган йўл-патруль хизмати постлари рўйхатига (Низомнинг 4-иловаси) Бухоро-Навоий вилоятлари чегарасида жойлашган “Сармижон” мунтазам ЙПХ маскани ҳам киритилган.
2021 йил 19 май куни “Сармижон” мунтазам ЙПХ масканида вилоят ИИБ ЙҲХБ 3-сафарбар гуруҳи инспектори сафдор Т.Х. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳакамасининг 975-сонли қарори 2 боби 8-банди (“ЙПХ ходими томонидан транспорт воситаси ҳужжатларни текшириш учун тўхтатилганда, фақат ушбу ҳужжатларни текшириш жараёнида аниқланган қоидалар бузилиши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўрилади”) талаблари асосида ҳайдовчига тегишли ва автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни текшириш мақсадида “Спарк” русумли 01 U 571 SA давлат рақам белгили транспорт воситасини тўхтатган.
Текширув жараёнида, ЙПХ инспектори томонидан автомашинага қўшимча жиҳоз (автомашинага ишлаб чиқарувчи корхона томонидан назарда тутилмаган қўшимча монитор) ўрнатганлиги, аммо бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 ноябрь кунидаги “Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарномани тақдим этиш ва автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 758-сонли қарори талаблари асосида белгиланган тартибда рухсатнома олинмаганлиги аниқланган.
Шунга кўра, ЙПХ инспектори томонидан ҳайдовчига нисбатан “Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг” 12-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1282-моддаси билан электрон маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур ҳолатда ЙПХ инспекторининг “Сармижон” мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб бориши, аниқланган қоидабузарлик бўйича белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштириши ва ҳайдовчи билан ўзаро мулоқоти жараёнидаги муомаласида бирор бир қонун ёки хизмат интизоми бузилишига йўл қўйилмаганлигини ва ходимнинг амалдаги қонун ҳамда бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида фаолият олиб борганлигини маълум қиламиз.