Қизилқум кенгликлари бағридаги “Қалъата” аҳоли пунктида фуқароларимизнинг турмуш шароитлари Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Жорий йилнинг 31 июль куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, олис ҳамда ижтимоий аҳволи оғир ҳудудлардан яна бири Пешку тумани Жонгелди МФЙга қарашли Қалъата аҳоли пунктида ҳам бўлди.
Бухоро вилоятининг марказидан қарийб 245 километр масофа узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағрида жойлашган Пешку туманининг Жонгелди маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қалъата аҳоли пунктида асосан чорвачилик билан шуғулланувчи 150 дан ортиқ қозоқ миллатига мансуб фуқароларимиз истиқомат қилиб келмоқдалар.
Президентимизнинг жорий йил 23 июль кунидаги “Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш, 30-июль “Халқлар дўстлиги куни” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида ушбу гўшага етиб борган Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ва қатор мутасаддилар қишлоқ аҳолисининг кайфияти, уларни қийнаб келаётган муаммолар, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш, умумтаълим ўрта мактаби ва бошқа ижтимоий объектларда амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларини кўздан кечирдилар.
Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва аҳолининг турмуш ҳамда меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган қатор масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ ва манзилли кўрсатма ва топшириқлар бериб, чора-тадбирлар белгилаган ҳолда ижросини алоҳида назоратга олдилар.