24 Апрел 2021 йил 492

Карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлаш барчамизнинг олдимизда турган энг долзарб вазифа

Мамлакатимизда хавфли вирусга қарши курашиш ишлари давом этмоқда, шундай бўлсада инфекция қайд этилиш ҳолатлари ҳали ҳам юқори бўлиб, кунлик кўрсаткичлар 300 талик довондан ошмоқда. Шу боис карантин қоидалари, хусусан ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш талабларлари айни кунлар янада кучайтирилди. Ҳозирда ушбу талабларга оғишмай амал қилиш вирусдан сақланишнинг ягона йўлидир.

Йўловчи ташиш транспорти, айниқса жамоат транспортлари ҳам айни хавфли гуруҳга кириб, асосий вирус тарқалиш ўчоқларидан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Жорий йилнинг 23 апрель куни айни масалаларда Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Транспорт ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари томонидан вилоятдаги йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автотранспорт корхоналари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда корхоналар раҳбарларига айрим ҳайдовчилар томонидан карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари ҳали ҳануз учраб турганлиги, бундан кейин карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳайдовчилар шу жойнинг ўзида вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 54-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиши тушунтирилиб, корхоналар раҳбарлари томонидан ҳайдовчилар билан профилактика ишларини олиб боришлари лозимлиги уқтирилди.

Шу ўринда йўловчи ташувчи транспорт воситаларида ҳаракатланишда белгиланган карантин қоидаларини яна бир бор эслатиб ўтамиз, жумладан:

-автотранспорт воситалари автосаройларда ҳар куни қатновга чиқишидан олдин, автовокзал ва охирги тўхташ бекатларида ҳамда ҳар бир қатнов охирида дезинфекцияланиши;

-ҳайдовчи ва йўловчилар тиббий ниқобда бўлиши;

-йўналишсиз таксиларда ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан махсус пластик ёки шаффоф плнёнка билан тўсилган бўлиши;

-йўловчилар транспорт воситасининг орқа ўриндиғига ўтказилиши (олдинги ўриндиқда йўловчи ташиш тақиқланади) лозим.

Ҳурматли фуқаролар, Азиз юртдошлар! Энг аввало сизнинг ўзингиз йўловчи ташувчи транспорт воситаларидан фойдаланганда белгиланган карантин ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишингиз, тиббий ниқоблардан фойдаланган ҳолда автобуслар салонида ижтимоий масофани сақлаб, тирбанд автобусларга ўтирмасликларингизни сўраб қоламиз.

Зеро вирусдан ҳимояланиш ўз қўлимизда.

Ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатлигига бефарқ бўлманг.

Text to speech