Когон шаҳридаги “Play station” да содир этилган ўғирлик жинояти фош бўлди
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Когон шаҳар Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига шаҳарнинг Қоровулбозоршоҳ кўчасида яшовчи, 1995 йилда туғилган Ў.Т. қўнғироқ қилиб, 4 ноябрь куни соат 23:30 дан 5 ноябрь куни соат 11:35 ларга қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унга тегишли бўлган Когон шаҳар Дўстлик кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг ертўласида жойлашган кўнгилочар ўйинларни ўйнашга мўлжалланган “Play station” ўйингоҳига дераза шишаларини синдириш орқали кириб, у ердан ҳар бирининг баҳоси 450 АҚШ доллар қийматга эга уч дона “Slim” номли ўйин ўйнаш аппаратларини ва 6 дона жами нархи 150 АҚШ доллар бўлган бошқарув пультларини яширин равишда ўғирлаб, унга жами 1.500 АҚШ доллари миқдорида моддий зиён етказилганлигини баён қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Когон шаҳар Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Когон шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни шаҳарнинг Дўстлик кўчасида яшовчи, 1997 йилда туғилган У.Р., маҳалладош ва тенгдош ўртоғи А.М. билан бир гуруҳ бўлиб, олдиндан жиноий тил бириктириб содир қилганликлари аниқланиб, улардан ўғрилаб олинган уч дона “Slim” номли ўйин ўйнаш аппаратлари ва 6 дона бошқарув пультлари холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирда ўғирлик жиноятини содир қилган У.Р ва А.М. ларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.