Когон туманининг “Ўртачўл” маҳалласида содир бўлган қотиллик жинояти кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.
2021 йилнинг 15 июль куни соат 04:20 ларда, Когон тумани “Ўртачўл” маҳалласи, “Ўртачўл” қишлоғида яшовчи, 1966 йилда туғилган Ҳ.Ж. исмли шахс, маҳалладоши Б.С. ва шу маҳаллада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Бухоро тумани Шейхонча маҳалласида яшовчи, 1966 йилда туғилган Ў.А. лар билан биргаликда спиртли ичимлик ичган маст ҳолатда Ў.А. билан ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида унинг танаси турли жойларига ошхона пичоғини санчиб оғир тан жароҳати етказган. Натижада жабрланувчи Ў.А. воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Ҳ.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 97-моддаси (қотиллик) 1-қисми билан жиноят иши қўғатилиб, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 17 июль куни Бухоро вилояти прокурори Махмуд Истамов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ва Солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуровлар биргаликда, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари, “Ўртачўл” маҳалласи раиси ва унинг ўринбосарлари, профилактика инспектори ҳамда қишлоқ аҳолиси иштирокида мазкур жиноят муҳокамасини ўтказдилар.
Жиноятни муҳокама қилиш жараёнида маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари жойига чиқиб ўрганилиб, уларнинг ҳисоботлари тингланди, шунингдек, мазкур жиноят сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар юзасидан масъулларнинг тушунтиришлари эшитилди.
Масъуллар маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида тааллуқли идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирларни танқидий муҳокама қилиб, жиноят содир этилишига имкон берган шарт шароитларни бартараф этиш ва келгусида худди шу ва бошқа турдаги жиноятлар содир этилмаслиги борасида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик чора-тадбирлар, жумладан, вилоятда жорий йилнинг 15 июль кунидан 15 август кунига қадар эълон қилинган “Ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш, соғлом муҳитни тарғиб қилиш, жиноятчилик профилактикаси билан шуғулланиш” ойлиги давомида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “оилабай” ва “фуқаробай” ишлаш лозимлигини таъкидлаб, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими бўйича кенг қамровли профилактик тадбирларни амалга ошириш бўйича туман сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла мутасаддиларига аниқ ва манзилли топшириқлар бердилар.