Когонда “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” мавзусида тадбир ўтказилди
Бухоро вилояти Когон туманида Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар ва туман судлари, Когон шаҳар ва туман маъмурий судлари, Когон туман прокуратураси, Когон туман Ички Ишлар бўлими ва Когон шаҳар ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб кувватлаш бўлими хамкорликда “Бир болага етти махалла ҳам ота, ҳам она” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Даставвал сўзга чиққан Когон туман прокурори ўринбосари Содиқжон Жўраев Когон туманида жиноятчиликни олдини олиш, туман миқёсида ўсиб бораётган жиноятларнинг турлари ҳақида сўз юритди.
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси Қосим Холов ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, жиноятларни содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини чукур таҳлил қилиб, ёшларни Ватанпарварлик ва Конституциямизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳақида иш фаолиятида учраган мисоллар оркали гапириб бердилар.
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг раиси Яшин Ниёзов одам савдосига қарши кураш масалалари юзасидан йиғилганларга тушунча бериб ўтди.
Когон туман маъмурий судининг раиси Феруз Ибрагимов ва Когон шаҳар маъмурий судининг раиси Д.Чориевлар ёшлар тарбиясида маҳалланинг ўрни ва роли, маҳалланинг юксак маънавият ўчоғи эканлиги, туман ҳудудида жиноятчиликни олдини олиш, маҳалладаги ҳар болани эътибордан четда қолдирмаслик, оилалардаги носоғлом муҳит, бундай оилаларда тарбия топаётган вояга етмаган фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш, уларни етук инсон сифатида тарбиялашда маҳалла масъуллари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида гапирдилар.
Туман Ички ишлар бўлими масъули ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган оилалар, хотин-қизлар, вояга етмаганлар билан ишлаш борасида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва тааллуқли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, ўтказилаётган профилактик тадбирлар, кўрилаётган чоралар хусусида гапириб, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ўзининг таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдирди.
Давра суҳбати ниҳоясида Когон туман ҳокими ўринбосари маҳалла ва оилани қўллаб қувватлиш бўлими бошлиғи Зуҳриддин Ашуров фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, туман ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, вояга етмаганларнинг бўш вақтларини қаерда ва кимлар билан ўтказишларига алоҳида эътибор қаратиш борасида гапириб, туманда амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусида бу борадаги чора-тадбирларни янада кучайтириш лозимлиги хусусида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари бўлган маҳалла фуқаролар йигини раислари суд ҳуқуқ ва қонунчилик борасида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутасаддиларга савол бериб атрофлича жавоб олишга эришдилар.
Тадбир ниҳоясида сўзга чиққанлар тадбир ташкилотчиларига чуқур миннатдорчилик билдириб, бу каби учрашувларнинг катта аҳамиятга эга эканлиги, учрашувда кўтарилган долзарб мавзулар маҳалла фукаролар йиғинлари раислари орқали бевосита уларнинг ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларга етказилиши, аҳолининг суд–ҳуқуқ, қонунчилик соҳасидаги янгиликардан ўз вақтида хабардор бўлишлари, қонуний манфаатлари ва билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида гапириб, бундай учрашувларни доимий равишда ташкиллаштириб бориш таклифини билдиришди.