Коронавирус: Хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ!
Маълумки, дунёнинг бир қатор мамлакатларида коронавирус инфекциясининг янги типи бўйича мураккаб эпидемик вазият сақланиб қолмоқда. Жумладан, Республикамиз, айниқса Бухоро вилоятида ҳам кейинги пайтда аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўпайиб бормоқда. Кимдир бу ҳолатни карантин чораларининг юмшатилиши билан боғласа, яна кимдир ҳаво ҳароратининг пасайиши, мавсумий касалликларнинг авж олиши, енгил шамоллаш ортидан коронавирусга чалинишнинг кўп қайд этилишига сабаб бўлаётганлигини гапирмоқда. Нима бўлганда ҳам вазиятни ўнглаш зарур. Хотиржам бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
5 октябрь куни ўтказилган Бухоро вилоятида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят комиссиясининг фавқулодда йиғилишида айни шу масала бош мавзу бўлди.
Йиғилишни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, комиссия раиси Фарҳод Умаров бошқариб борди.
Унда вилоятда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлиги, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда ташкилот, идора ва муассасалар томонидан олиб борилаётган ишлар, касаллик аниқланган фуқароларда олиб борилаётган даволаш профилактик ишларнинг натижалари, тиббий таъминот ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар кенг муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида вилоятда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони ошиши бозорлар, йирик савдо марказлари, бошқа аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган ижтимоий масофага риоя қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмасдан юриш, хонадонларда турли оммавий тадбирларни ўтказишда белгиланган меъёр талабларининг бузилиши, умуман олганда, ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик заифлашаётганлигидан далолат беради.
Йиғилишда тегишли масъулларнинг бу борадаги тушунтиришлари ва фикр-мулоҳазалари тингланди.
Айни шундан келиб чиқиб, келгусида бажарилиши лозим бўладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Тиббиёт муассасаларининг врач ва патронаж ҳамширалари томонидан грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларини эрта аниқлаш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича вазифалар атрофлича муҳокама қилиниб, тана ҳарорати кўтарилган беморлар аниқланганда, уларнинг барчасини коронавирус касаллигига махсус лаборатория текширувидан ўтказиш, шунингдек, касалликнинг тарқалишини олдини олиш ва изоляция қилиш мақсадида, оилавий поликлиника шифокорлари томонидан ҳарорати юқори бўлган беморларни ўз уйларида малакали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Ҳудудларда тузилган тезкор штаблар фаолиятини бугунги кун талабидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш, маҳалла ва ички ишлар органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш ва аҳолига карантин қоидалари бўйича талаб, тавсияларни ўз вақтида етказиш, тиббий-патронаж хизматини янада яхшилаш юзасидан масъулларга аниқ ва манзилли топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.