“Маҳаллабай” тизим асосида Шофиркон туманида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан жойига чиқиб ўрганилди
Мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган “Обод маҳалла” дастури Шофиркон туманида ҳам уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Ҳар бир сектор ҳудудида жойлашган биттадан маҳаллада айни пайтда қурилиш-ободончилик, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни манзилли ўрганиш ва уларга ечим топиш ишлари “маҳаллабай” тизим асосида ташкил этилган.
Вилоятнинг 3-сектор раҳбари Шуҳрат Алиев туман ҳокими ва мутасадди идоралар раҳбарлари ҳамроҳлигида 19 февраль куни “Шароф Рашидов” маҳалласидаги Вардонзе Янгиободи ва Вардонзе Деҳқонободи қишлоқларида бўлди. Аҳоли билан мулоқот давомида уларни қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимидан қай даражада розиликлари борасида фикрларини эшитди.
Шунингдек, туманнинг 3-секторида жойлашган “Дўрмон” маҳалласида дастур доирасидаги ишларнинг боришини назорат қилди. Камчилик ва нуқсонларни кўрсатиб бериб, қўшимча вазифа ва топшириқлар берди. Масъулларни ўз ишига қатъий тартиб ва шахсий масъулият билан ёндашишларини талаб қилди.
Ҳар бир қишлоқ ва кўча, хонадон ва фуқаро доимий эътиборга олиниши, одамларнинг норозилигига сабаб бўлаётган муаммоларни чуқур ўрганиб, ечими бўйича аниқ механизмлар орқали ҳал қилиш шартлиги юзасидан масъулларга аниқ вазифаларни белгилаб берди.