Маҳаллаларда содир бўлган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари томонидан жойига чиқиб муҳокама қилинмоқда.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни бошқарма бошлиғининг ўринбосари, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи подполковник Эркин Сафаров Бухоро тумани “Новметан” МФЙ Янгиобод қишлоғи худудидаги “Истиқбол Нурли Келажак Омад” фермер хўжалиги экин майдонида Ф.С. исмли шахс томонидан ўзаро келишмовчилик оқибатида фуқаро Б.Р.ни муштлари билан қасддан уриб, унга оғир тан жароҳати етказганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-кисми билан қўзғатилган жиноят сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар вакиллари, маҳалла фаоллари иштирокида кенг муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, жиноят содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга масъул бўлган мутасаддиларнинг тизимли камчиликлари бирма-бир кўрсатиб ўтилиб, масъуллар қаттиқ огоҳлантирилди.
Ҳудудларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида Ички ишлар органлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг узвий ҳамкорлигини самарали ташкил этиш, аҳолининг турмуш тарзини юксалтириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш борасида сектор раҳбарлари ва ҳамкорликда иш олиб борувчи идоралар масъулларига манзилли кўрсатма ва топшириқлар берилди.