9 Август 2021 йил 634

Меҳрибонлик уйларида тарбия топган ва ҳозирги кунда Бухоро шаҳридаги Ёшлар биносида истиқомат қилиб келаётган фуқароларнинг ҳолидан хабар олинди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда “Ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда етим болаларни давлат томонидан қўллаб қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш, шунингдек ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш чора-тадбирлари” борасида вазирлик ва идоралар олдига қатор вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев бугун қатор мутасаддилар билан биргаликда Бухоро шаҳрининг Пиридастгир маҳалласида жойлашган, Меҳрибонлик уйида тарбия топган, ота-она қарамоғидан маҳрум етим болалар ва уларнинг оила аъзолари истиқомат қилиб келаётган Ёшлар биносига бориб, ушбу оилаларнинг яшаш шароитлари, иш билан таъминланганлиги, уларнинг муаммолари билан яқиндан танишиб, мурожаатларини қабул қилди.

Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммолар ва мурожаатлардан келиб чиқиб, меҳрибонлик уйи битирувчиларининг яшаш шароитларини янада яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш, таълим муасасаларига ўқишга кириши билан боғлиқ масалалар юзасидан алоҳида чора-тадбирлар белгиланиб, мутасаддиларга аниқ ва манзилли топшириқлар берган ҳолда ижроси алоҳида назоратга олинди. Бунда асосий эътибор мурожаатларнинг жойида бартараф этилишига қаратилди.

Text to speech