“MILITSIYA.UZB” телеграм каналида “Бухоро вилояти Жондор туманида Экологияни ҳимоя қилиш ходимлари — қонунбузарлар томонидан калтакланганлиги айтилмоқда” сарлавҳа остида эълон қилинган фотосуратлар юзасидан расмий маълумот
2021 йил 29 январь куни соат 00:20 ларда Жондор туман ИИБ навбатчилик қисмига туман тиббиёт бирлашмаси навбатчи ҳамшираси телефон қилиб, 1999 йилда туғилган М.Н., 1995 йилда туғилган Д.Т., 1973 йилда туғилган Н.Н. ва 1985 йилда туғилган Д.Б.лар тан жароҳати олиб туман касалхонасига мурожаат қилганликларини билдирган.
Мазкур хабарнома Жондор туман ИИБ навбатчилик қисмида тегишли тартибда қайддан ўтказилиб, шу заҳоти масъул ходимлар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Аниқланишича, 2021 йил 28 январь куни тахминан соат 22 ларда вилоят Экоинспекция ходимлари А.Ҳ., Д.Б., З.Б., Ш.С., М.С., М.Н., Ҳ.Ҳ. лар Нива русумли хизмат автомашинаси ва Д.Б. бошқарувидаги Ласетти русумли автомашиналарда Жондор тумани Варахшо чўл ҳудудида саксовул ўсимлигини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш бўйича рейд тадбирларини ўтказиш учун туманнинг Лайлактепа массивига бориб турганларида, Жондор тумани ўрмон хўжалигига тегишли Нива русумли автомашинада, ўрмон хўжалиги ишчилари Ф.И., Н.Х., С.Ҳ., С.Ф., А.М., З.Ф. ва Н.О. лар келиб, вилоят Экоинспекция ходимлари билан олдиндан ўзаро шахсий келишмовчиликлар оқибатида жанжаллашиб, жанжал вақтида бир бирларини уриб, бир бирларига ҳар хил оғирлик даражасидаги тан жарохатлари етказганлар.
Бундан ташқари жанжал вақтида фуқаро Д.Б.нинг Ласетти русумли автомашинасининг ойналарини синдириб, кузовига шикаст етказиб, моддий зарар етказилган.
Ҳозирги кунда Жондор тумани Ички ишлар бўлими томонидан тан жароҳати олган шахсларнинг жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланиб, тиббий кўрикдан ўтказилган.
Шунингдек, фуқаро Д.Б. га тегишли бўлган Ласетти русумли автомашинага етказилган моддий зарарни аниқлаш мақсадида баҳолаш экспертизаси тайинланган.
Ҳолат юзасидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилиб, фотосуратларга олинган, жанжал иштирокчилари ва гувоҳлар билан тегишли тартибда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Терговга қадар текширув ҳаракатларининг якуни юзасидан қўшимча маълумот берилади.