29 Июл 2021 йил 495

МУРОЖААТ ва ЕЧИМ... Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев Ғиждувон тумани “Пахтаобод” маҳалласи аҳолиси билан сайёр учрашув ўтказди.

Жорий йилнинг 23 июль куни республикамиз Президенти бошчилигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил қилиш чора-тадбирларига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда Бухоро вилоят ҳокими ва вилоят Халқ қабулхонаси томонидан тасдиқланган график асосида вилоят 3-сектор раҳбари, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев жорий йилнинг 29 июль куни Ғиждувон тумани “Пахтаобод” маҳалласининг аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди.

70 дан ортиқ маҳалла фуқаролари ва фаоллари иштирок этган сайёр қабулда, 10 дан ортиқ турли масалалардаги мурожаатлар Бухоро вилояти 3-сектор ишчи гуруҳи аъзолари, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, туман Халқ қабулхонаси бошлиғи, туман 3-сектор раҳбари туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳамда туман мутасадди идоралар масъуллари, маҳалланинг бошқарув офиси ходимлари ҳамда ушбу маҳаллага бириктирилган иқтисодий сектор масъуллари иштирокида бирма-бир кўриб чиқилди.

Мурожаатлар ўрганиб чиқилар экан, маҳалланинг бошқарув офиси ходимлари, маҳаллага бириктирилган иқтисодий сектор масъуллари томонидан амалга оширилган маҳаллабай ва фуқаробай иш тизимининг етарли даражада амалга оширилмаганлиги, мурожаатларнинг аксарияти шу маҳалланинг ўзида, бириктирилган масъуллар томонидан бартараф этиш мумкин бўлган муаммолар эканлиги қайд этилиб, мутасадди идоралар раҳбарлари қаттиқ танқид қилинди.

Мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, маҳаллада “соҳабай”, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш,  аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъулларига топшириқлар берилди ва мурожаатлар ечими бўйича аниқ муддатлар белгиланди.

Иш юритувига олинган, қўшимча текшириш ва муддат талаб қиладиган мурожаатлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, мутасаддиларга ҳар бир йўналиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бу каби сайёр қабуллар вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги Ғиждувон, Шофиркон ҳамда Вобкент туманлари, шунингдек, вилоятнинг қолган барча шаҳар ва туманлари 3-секторларига қарашли ҳудудларда “маҳаллабай” тизим асосида масъул раҳбарлар томонидан ҳар куни ўтказилиб келинмоқда.

Аҳоли билан бундай очиқ мулоқотларнинг самараси ўлароқ маҳаллаларда аниқланган ижтимоий масалалар ушбу маҳалланинг ўзида ҳал этилиб, асосий эътибор маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, йўл, ичимлик ва оқова сувлари ҳамда табий ва суюлтирилган газ таъминоти, ижтимоий объектлардаги муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ масалаларни бартараф этишга қаратилмоқда.

Маҳаллалардаги муаммолар туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этилишига қараб тоифаларга ажратилиб, ишлаб чиқилган йўл хариталари асосида манзилли тадбирлар олиб борилмоқда. Натижада муаммоларнинг бартараф этилиши, аҳоли мурожаатларининг ижобий ечим топишига эришилмоқда.

 

Text to speech