“Одам савдоси устидан жиноий жавобгарликни кучайтиришда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг роли” мавзусида ўтказилган ўқув семинар-тренинг тафсилотлари
Бир тарафдан қараганда ўз боласини сотиш ёки сотмаслик ота-онасининг шахсий масаласидек туюлади, аммо бу хатти-ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ ўта ачинарли ҳолат ҳисобланади. Қолаверса, бундай жиноят инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам ижобий баҳоланмайди. Нега одамлар пул учун ҳар хил қабиҳликларга бораяпти деган ўй кечади ҳаёлдан. Одам савдоси жиноятининг турлари кундан кунга кўпайиб бораяпти, кишини алдаб хорижга олиб бориш, уни қуллик гирдобига маҳкум этиш, энг ачинарлиси бази кимсалар ўз фарзандини сотишга уринмоқда.
Одам савдоси тўғрисида тушунча берадиган бўлсак, одам савдоси - инсон, уни шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноят бўлиб, ўзини чегара танламаслиги ҳамда гирдобига ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.
Мамлакатимизда ҳам одам савдосини олдини олиш, унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бухоро шаҳрида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий - ахборот маркази ҳамкорлигида “Одам савдоси устидан жиноий жавобгарликни кучайтиришда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг роли” мавзусида ўтказилган ўқув семинар-тренинг ҳам бунинг яққол мисолидир. Семинар-тренингда вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ҳамда жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тренинг давомида одам савдоси жиноятларига барҳам бериш учун етарли ҳуқуқий норматив база шакллантирилганлиги, хусусан, 2008 йилнинг 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши билан мамлакатимизда бу глобал муаммога қарши курашиш ҳамда ундан жабрланганларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилганлиги, одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича миллий ҳуқуқий норматив ҳужжатлар моҳияти тақдимот шаклида иштирокчиларга тушунтирилди.
Семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад - одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича қайта йўналтириш механизмини такомиллаштириш, адашганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш ҳамда ушбу ҳолат юзасидан жиноий жавобгарликни кучайтиришда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг ролини кучайтирган ҳолда одамлар ишончини қўлга киритишдир.
Ҳар бир инсон яхши умидлар билан яшайди. Ҳалол меҳнат қилиб оилани боқиш, шу йўл билан жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилади, аммо баъзи юртдошларимиз орасида меҳнат қилишдан қочиб, турли ноқонуний йўллар билан пул топиш, мол-дунё орттиришга ружу қўйган кимсалар ҳам йўқ эмас, улар ўз мақсадларига эришиш учун ҳар қандай қабиҳ ва разил йўлдан қайтмайдилар. Бугунги кунда ҳаммани ташвишга солаётган одам савдоси билан шуғулланаётган кимсаларни ана шундай тоифадаги шахслар қаторига қўшиш мумкин. Бу ноҳуш ҳодиса юртимиздаги барчани хушёрликка, огоҳликка даъват этади.
Халқаро экспертларнинг баҳолашича дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад жуда катта рақамни ташкил этади. Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2.700.000 инсон одам савдоси жабрланувчисига айланмоқда. 600.000-800.000 нафар аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Бундай жиноятлар афсуски республикамизда ҳам мавжуд бўлиб, фуқаролар турли алдов ва фирибгарликлар қурбонига айланиб қолаяпти.
Кузатишлар ва хулосалар шуни кўрсатмоқдаки, одам савдосидан азият чекаётган жабрланувчилар орасида аёллар ва вояга етмаган ёшлар борлиги бизни янада хушёрликка чорлайди.
Семинар тренингда иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, турли холатлар бўйича фикр билдириб кенг мулоҳаза юритишди.
Замондошларимизни хушёрликка, огоҳликка даъват этсак, уларни одам савдоси билан шуғулланувчи фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолишдан асраган бўламиз. Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ушбу иллатни хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтиришлар олиб бориш фуқароларнинг бу борадаги вазиятдан огоҳ этиш, жирканч жиноят содир этилишини олдини-олишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Хулоса қилиб айтганда бизнинг бош мақсадимиз жиноят орқасидан енгил ҳаёт кечириб, ноқонуний пул топмоқчи бўлганлар қисматидан барча ватандошларимизни огоҳ этиб, хушёрликка чақиришдир.