Огоҳ бўлинг! Огоҳ бўлинг! Огоҳ бўлинг! Бухоро шаҳрида ОИВ инфекциясини бир неча шахсларга қасддан юқтирган аёл қўлга олинди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари ҳамда вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда, ОИВ инфекциясини тарқалишига қарши курашиш борасида бир қатор тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказилиб, ушбу йўналишда Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилиниб, фуқароларимизга огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Аммо, ўзи, оила аъзолари, яқинлари ва атрофдагиларнинг ҳаёти ва соғлигига эътиборсиз бўлган, носоғлом турмуш тарзи ва тартибсиз жинсий муносабатлар натижасида гоҳида билиб, гоҳида билмаган ҳолда турли юқумли касалликларни, айниқса ОИВ инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Энг ачинарлиси, ўзида ОИВ инфекцияси аниқланганлиги, инфекцияни юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олиниб, ушбу вирусни бошқа шахсларга юқтирганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисида огоҳлантирилиб, тилхат олинганлигига қарамасдан, ўзгаларга мазкур вирусни қасддан юқтириш ёки юқиш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилаётган шахсларнинг аниқланаётганлиги бугун барчани қаттиқ ташфишга солмоқда.
Жумладан жорий йилнинг 1 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда, Когон шаҳар, Бирдамлик кўчасида яшовчи, 1994 йилда туғилган Х.Д. исмли аёл, 2017 йилнинг 21 декабрь кунидан бошлаб Бухоро вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олиниб, ОИВ инфекциясини бошқа шахсларга қасддан юқтирганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида огохлантирилиб, тилхат олинганлигига қарамасдан, ўзининг ОИВ инфекциясига чалинганлигини била туриб, 2020 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг февраль ойига қадар, 10 дан ортиқ фуқаролар Р.Ш., Р.Б., А.Ж., С.Ш., Ҳ.Б., Ш.А., М.А., Э.А., Ҳ.Д. ва бошқа шахслар билан Бухоро шаҳрининг турли жойларида ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб, ушбу шахсларга ОИВ инфекциясини қасддан юқтириш ва юқтириш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилганлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан Х.Д.исмли аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳурматли фуқаролар, бугунги кунда авж олиб бораётган ОИВ инфекциясини юқтириб олмаслик мақсадида соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, тартибсиз жинсий муносабатларга киришмаслигингизни сўраб қоламиз.
Шунда ўзингиз, оила аъзоларингиз, яқинлар ва атрофдагиларни ОИВ инфекцияси юқишидан асраб қолган бўласиз!