ОГОҲ БЎЛИНГ! ОГОҲ БЎЛИНГ! ОГОҲ БЎЛИНГ! Бухорода ижтимоий тармоқ орқали ўғирлик жиноятини содир қилган талаба қўлга олинди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг расмий веб сайти, “телеграм”, “инстаграм”, “фейсбук”, “ютуб” ижтимоий тармоқлари, шунингдек, маҳаллий ва марказий телевидениялар орқали бир қатор тарғибот ва ташвиқот, брифинг ҳамда мурожаатномалар кўринишида фуқароларимизнинг турли ижтимоий тармоқларда алданиб қолиш ҳолатлари, хусусан, интернет тармоқлари фойдаланувчилари томонидан шахсий пластик карталари махфий кодларига эга бўлиб, картадаги маблағларни “ўмараётганликлари” ҳақида материаллар бериб борган эдик.
Бироқ айрим фуқароларимиз, ушбу огоҳлантиришлардан ўзларига тегишли хулоса чиқармаганликлари боис ижтимоий тармоқ фирибгарларининг “қурбони”га айланиб қолмоқдалар.
Худди шу каби ҳолатлардан бири Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида содир бўлди.
Қоракўл тумани Тайқир маҳалласида яшовчи фуқаро М.Ю., туман Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс 2021 йилнинг 10 апрель куни қизи Э.Н. нинг телефонига уланган “Телеграмм” мессенжери орқали пул ютуғи чиққанлиги ва ютуқни олиш учун пластик карта рақамини юбориш лозимлигини айтиб, қизнинг номига расмийлаштирилган ва ушбу телефонга уланган пластик карта махфий коди ва рақамларини олишга эришиб, пластик карта ҳисобида бўлган жами 2.551.000 сўм пулларни ечиб олганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-техник, ҳамда суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Навоий вилояти, Навоий шаҳар Меморлар кўчасида яшовчи, 1998 йилда туғилган Бухоро Муҳандислик технология институтининг 3-босқич талабаси Х.Ҳ. содир қилганлиги аниқланган.
Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши юзасидан ҳамда ушбу шахснинг вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ёки республикамиз бўйлаб содир этилган ва фош этилмасдан қолаётган худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлик масаласини аниқлаш мақсадида дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар!
Интернет фойдаланувчилари!
Ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдолар ва шунга ўхшаш бир қатор фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатларига дучор бўлмаслик учун, сир сақланиши лозим бўлган пластик карта рақамларини ошкор қилмаслик, бировга расмга тушириб бермаслик ёки оғзаки тарзда маълум қилмасликларингизни сўраб қоламиз.