ОГОҲ БЎЛИНГ! ОГОҲ БЎЛИНГ! ОГОҲ БЎЛИНГ! Ижтимоий тармоқ фирибгарлари томонидан мулкингиз ўмарилишидан эҳтиёт бўлинг.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг расмий веб сайти ҳамда телеграм ижтимоий тармоғи, шунингдек маҳаллий ва марказий телевидениялар орқали бир қатор тарғибот ва ташвиқот, брифинг ҳамда мурожаатномалар кўринишида фуқароларимизнинг турли ижтимоий тармоқларда алданиб қолиш ҳолатлари, хусусан, телеграм ва бошқа интернет тармоқлари фойдаланувчилари томонидан шахсий пластик карталари махфий кодларига эга бўлиб, картадаги маблағларни “ўмараётганликлари” ҳақида материаллар бериб борган эдик.
Бироқ, айрим фуқароларимиз ушбу огоҳлантиришлардан ўзларига тегишли хулоса чиқармаганликлари сабабли, ижтимоий тармоқ фирибгарларининг “қурбони”га айланиб қолмоқдалар.
Жумладан, жорий йилнинг 15 март куни номаълум шахс телеграмм дастури орқали, UZB_PAYMENTS_ADMIN номли аккаунт очиб, Жондор тумани Самончуқ маҳалласида яшовчи М.М. билан виртуал мулоқот қилиб, унга “1Хбет” букмейкеридан пул чиқариб беришни ваъда қилиб, турмуш ўртоғи Р.Ғ. номига расмийлаштирилган пластик картасидан 1.220.000 сўм пулларини фирибгарлик йўли билан ечиб олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур фирибгарлик жиноятини Хоразм вилояти Янгибозор тумани Ифтихор маҳалласида яшовчи, 2003 йилда туғилган Қ.Э. исмли шахс содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шу ўринда фуқароларимиздан ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдолар ва шунга ўхшаш бир қатор фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатларига дучор бўлмасликлари учун ўзларининг сир сақланиши лозим бўлган пластик карталари рақамларини ошкор қилмасликлари, бировга расмга тушириб бермасликлари ёки оғзаки тарзда маълум қилмасликларини сўраб қолар эдик.
Ҳурматли фуқаролар! Ўзингиз ёки яқинларингизга тегишли пластик карта рақамларини (20 талик ва 5 талик яширин кодларни) асло нотаниш шахсларга айта кўрманг! Акс ҳолда пулларингиздан ажралиб қоласиз!